Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
Шуманай тумани “Қорабайли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Комил Юсупов фермер хўжалиги далаларида ғалла ва дуккакли экинларни етиштириш бўйича амалий дала семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда қишлоқ хўжалиги соҳасининг масъул мутахассислари, тегишли ташкилотлар вакиллари, фермер ва деҳқонлар иштирок этди. Унда замонавий агротехник усуллар, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Семинар доирасида Қорақалпоғистонда биринчи марта тажриба тариқасида нўхат Шуманай туманида экилгани алоҳида таъкидланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу экинни келгусида ҳудудда кўп экиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турини оширишга ҳамда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари фермер ва деҳқонларга нўхат етиштириш технологияси, парваришлаш усуллари, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ва юқори ҳосил олиш бўйича зарур тавсия ва амалий маълумотлар беришди.

***
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 апрелдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини молиялаштиришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Элликалъа туманида ишсиз фуқароларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш ва уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом этмоқда.

Жумладан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 11 нафар ишсиз фуқарога тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда ривожлантириш учун 5 йил муддатга, 6 ой имтиёзли, йиллик 12 фоиз ставкада кредит маблағи ажратилди.
Мазкур кредитлар ҳисобидан харид қилинган асбоб-ускуналар белгиланган тартибда ўз эгаларига топширилди. Ушбу амалий ёрдам фуқароларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиши, янги иш ўринлари яратиши ва оилавий даромадларини оширишларига хизмат қилади.
***
ЎзЛиДеП Шуманай туман Кенгаши томонидан тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, аҳолининг ишбилармонлик фаоллигини ошириш ва хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган давра суҳбати ташкил этилди.

“Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форуми доирасида ўтказилган тадбирда халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, тадбиркорлар ҳамда хотин-қизлар иштирок этишди.
Давра суҳбати давомида мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, хотин-қизларни бизнесга кенг жалб қилиш ва уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида учраётган айрим муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди.
Тадбир сўнггида тадбиркорлар ўзларининг меҳнат фаолиятлари, бизнес юритиш тажрибаси ва эришган ютуқлари билан ўртоқлашдилар. Улар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
***
Тошкент шаҳрида 18-30 ёш ва 30 ёшдан юқори аёллар ўртасида спортнинг стол тенниси, шахмат-шашка ва енгил атлетика турларидан ўтказилган “Аёллар спорт олимпиадаси” якунида Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси 1-ўринни эгаллаб диплом, медаль ва кубокни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Ғолиблар Нукус темир йўл вокзалида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Ахмедова ва Спорт вазири Еркинбай Қутибаевлар раҳбарлигида тантанали равишда кутиб олинди.
Унда сўзга чиққанлар ғолибларни эришган ютуқлари билан қутлаб, келгуси мусобақаларда яхши натижаларга эришишларини тилашди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири