Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа соҳага тегишли ташкилотлар, йирик корхоналар, банк-молия акциядорлик жамиятлари ҳамда бошқа тегишли корхона ва ташкилотлар иштирок этишди.

Меҳнат ярмаркаси давомида битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида шартномалар имзоланди. Шунингдек, ишсиз фуқароларга меҳнат қонунчилиги, мавжуд иш ўринларида белгиланган имтиёз ва кафолатлар, иш ўринлари, ишга жойлашиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.
***
Беруний туманида “Ўйинга асосланган таълим: педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар” фестивали ўтказилди.

Мазкур тадбирнинг асосий мақсади мактабгача таълим ташкилотларида ўйинга асосланган таълим методикасини кенг жорий этиш, педагогларнинг касбий компетенцияси ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда таълим-тарбия жараёнига инновацион дидактик ўйинларни татбиқ этишни рағбатлантиришдан иборат.
Фестивалда тумандаги 45 та Давлат мактабгача таълим ташкилотидан жамоалар иштирок этди. Танлов давомида жамоаларга белгиланган мавзу асосида дидактик ўйинни яратишда фойдаланиладиган техник воситалар ҳамда материаллар жамоалар томонидан эркин танланиб, ривожлантирувчи дидактик ўйин ишлаб чиқилди ҳамда 90 дақиқа вақт ичида уни ҳакамлар ҳайъатига тақдим этдилар.
Ҳакамлар ҳайъатининг якуний натижасида биринчи ўринни 20-сонли, иккинчи ўринни 51-сонли ҳамда учинчи ўринни 5-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти педагогик жамоалари эгаллади.
***
Давлат-хусусий шериклик битими асосида Қўнғирот, Мўйноқ ва Шуманай туманларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматини кўрсатувчи “Nukus eco city trans” масъулияти чекланган жамиятга 6 дона замонавий электр мотороллер лизинг асосида топширилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги, туман ҳокимликлари ҳамда масъул ташкилот вакиллари иштирок этди.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан топширилган ушбу мотороллерлар маҳаллаларнинг тор кўчаларида ҳам эркин ҳаракатлана олиши ва чиқиндиларни ташишда қулайлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, икки кишилик салон ёз ва қиш мавсумларига мос совитиш ҳамда иситиш тизимлари билан жиҳозланган.
***
Тахиатошдаги ихтисослаштирилган мактабнинг спорт майдончасида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилган мини-футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақаларининг туман босқичи ғолиблари аниқланди.

Финалда ўғил болалар ўртасида “Жайхун” маҳалла фуқаролар йиғини, қизлар ўртасида “Кенегес” овул фуқаролар йиғини жамоалари биринчи ўринларни эгаллади. Ғолиблар мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланма олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.