Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
Нукус туманида галофит экинларини етиштириш технологиялари, уларнинг шўрланган ерлардаги аҳамияти ва амалий натижалари юзасидан илмий семинар ташкил этилди.
Унда Хитой Фанлар академияси Шинжон Экология ва география институти (XIEG) олимлари ҳамда Ўрмон хўжалиги мутахассислари иштирок этди. Тадбир давомида томонлар ўзаро тажриба алмашиб, илмий-амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

Семинарнинг асосий мақсади Оролбўйи ҳудудида тупроқ шўрланишини камайтириш, деградацияга учраган ерларни тиклаш ва экологик барқарорликни таъминлашда галофит ўсимликлардан самарали фойдаланиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганишдан иборатдир.
***
Тўрткўл тумани Ахборот-кутубхона марказида “Китобхон миллат” шиори остида ўтказилган VI Республика “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ижодкор Самандар Исмоиловнинг “Умримнинг нурли йўли” номли янги китоби тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тақдимот давомида муаллиф ўзининг ижодий йўли, асарнинг ёзилиш тарихи ва ҳаёт мактабидаги тажрибалари ҳақида сўзлади. Тадбирга ташриф буюрган китобхонлар янги асар ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди. Учрашув савол-жавобларга бой ва кўтаринки руҳда ўтди.
***
Нукусда умумий ўрта таълим мактабларининг 5-11-синф ўқувчилари орасида “Робо-Кодинг” олимпиадасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.

Олимпиада якунида 5-8-синф ўқувчилари орасида биринчи ўринни Хўжайли тумани 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби, иккинчи ўринни Кегейли тумани 1-сонли умумий ўрта таълим мактаби, учинчи ўринни Нукус шаҳри 46-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоаси қўлга киритди. 9-11-синф ўқувчилари орасида биринчи ўринни Кегейли тумани 1-сонли умумий ўрта таълим мактаби, иккинчи ўринни Нукус шаҳри 31-сонли умумий ўрта таълим мактаби, учинчи ўринни Хўжайли тумани 5-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоалари эгаллади.
Биринчи ўринни эгаллаган жамоаларга жорий йилнинг май ойида ўтказиладиган финал босқичига йўлланма берилди.
***
Президентимиз раислигида жорий йил 7 апрель куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ривожлантириш, аҳоли ва меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳим вазифалар белгиланган эди.
Мазкур ташаббус доирасида ҳафтанинг бир куни “спорт куни” этиб белгиланиб, ушбу кунда вазирлик, идора ва ташкилотларда оммавий спорт машғулотлари ўтказилиши жорий этилди.

Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Тахиатош туманидаги давлат идоралари ва муассасалари ходимлари ҳам эрта тонгдан спорт машғулотларини бошлаб юборди. Бу эса жамоада соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, иш унумдорлигини ошириш ҳамда ходимларнинг жисмоний фаоллигини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА