
Беруний тумани “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини биносида жиноят ишлари бўйича Беруний тумани суди раиси Р. Камолова раислигида оилавий низога оид жиноят иши бўйича очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд жараёнида маҳалла фаоллари иштирок этди.
Очиқ суд мажлисида иш материаллари, тарафларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди ва қонун доирасида асосланган ҳукм қабул қилинди. Суд мажлиси якунида судья Р. Камолова томонидан иштирокчиларга коррупция ва одам савдосига қарши курашишга қаратилган қонун ҳужжатлари, уларнинг мазмун-моҳияти ҳамда бундай жиноятларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тушунтиришлар берилди.
Бундай очиқ мулоқот ва амалий суд мажлислари аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ҳамда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

***
Қорақалпоғистон Республикасида вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда “Долзарб 90 кунлик” тадбирларини самарали ташкил этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Тожиев томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъуллари иштирокида Нукус шаҳридаги 6-сонли умумтаълим мактаби фаолияти ўрганилди. Мактабда ўқувчиларга билим бериш методик жиҳатдан тўғри ташкил этилмаганлиги, тўгараклар фаолияти ва таълим сифати пастлиги, психологлар тарбияси оғир ва муаммоли ўқувчилар билан мулоқотни тўғри йўлга қўймаганлиги, фанлар кесимида тематик иш-режалар тузилмаганлиги аниқланди.
Масъулларга хато ва камчиликларни қисқа муддатларда бартараф қилиш борасида топшириқлар берилди.

***
Жорий йилнинг 3 июль санасидан бошлаб Centrum air авиакомпанияси томонидан янгидан “Нукус - Ақтау – Нукус” йўналиши бўйича авиақатновлар йўлга қўйилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ахборот хизматининг маълум қилишича, парвозлар ҳафтада 2 кун: пайшанба ва шанбадан якшанбага ўтар кечаси амалга оширилади. Шунингдек, “Нукус-Олмаота-Нукус” йўналиши бўйича аввал ҳафтада уч марта парвозлар амалга оширилган бўлса, энди 3 июль санасидан қўшимча яна иккита рейс йўлга қўйилди. Қўшимча рейслар пайшанба ҳамда шанба кунлари амалга оширилади.
Авиачипталарни расмий сайтлар ва авиакассалар орқали сотиб олиш мумкин.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири