Қорақалпоғистон – катта имкониятлар ва ташаббуслар макони
Президент Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига келди.
Сафарни бошлашдан аввал мамлакатимиз етакчиси атоқли давлат ва жамоат арбоби Каллибек Камаловнинг хонадонига ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилиниб, марҳумнинг ҳаққига дуои фотиҳа қилинди.
Президентимиз марҳумнинг ибратли ҳаёт йўли, эзгу ишлари ва эл-юрт равнақи йўлидаги хизматларини ёдга олди. Ўтганлар хотирасига эҳтиром кўрсатиш, катталарни эъзозлаш ёш авлод учун ибрат эканини таъкидлади.
Жорий йил февраль ойида вафот этган Каллибек Камалов кўп йиллар Қорақалпоғистонда раҳбарлик лавозимларида ишлаб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалигини равнақ топтириш, аҳоли турмушини яхшилашга катта ҳисса қўшди.
Кейинги йилларда нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси сифатида кексаларни қўллаб-қувватлаш, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва ёшлар тарбиясида фаол иштирок этди. Хизматлари “Шуҳрат” медали ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Кегейли туманидаги “ADM Agro” корхонасининг саноатлашган интенсив боғида йўлга қўйилган замонавий аграр тажрибани кўздан кечирди.
Жаҳон тажрибасида автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялар бошқа тармоқларни ҳам ривожлантириб, кўп тармоқли фаолият юритиши кенг тарқалган.
Жиззах вилоятида автомобиль ишлаб чиқараётган “ADM Group” компанияси ҳам шу ёндашув асосида фаолиятини кенгайтирмоқда. Оролбўйида интенсив боғдорчиликни ривожлантириш унинг янги йўналишларидан бири бўлди.
Айтишларича, Оролбўйининг оғир иқлимида, шўр тупроғида боғдорчилик ўзини оқламайди. 55 миллиард сўм маблағ йўналтирилган мазкур лойиҳа эса бу қарашларни буткул ўзгартирмоқда.
Боғнинг умумий майдони 330 гектарни ташкил этади. Энг муҳими, маҳаллий аҳоли учун 100 та муқим иш ўрни яратилди. Илгари доимий даромад манбаига эга бўлмаган қишлоқ аҳолиси энди ўз ҳудудида ишлаб, оиласига барака киритмоқда.
Ҳозирда 69 гектар майдонга АҚШда селекция қилинган 250 минг туп қора олхўри кўчати экилган. Бу нав шўр ерларга жуда чидамли ҳисобланади. У экилганидан сўнг атиги 2 йилда ҳосилга киради. Бир туп дарахт 50-60 килограммгача ҳосил беради. Меванинг йириклиги ва данакнинг осон ажралиши қайта ишлаш учун жуда қулай саналади.
Ердан унумли фойдаланиш ва даромадни кўпайтириш мақсадида дарахтлар орасига ҳосилдор помидор нави экилди. Экин майдонининг ҳар бир гектаридан ўртача 40-45 тонна ҳосил олиш мумкин.
Боғда қўлланилган замонавий технологиялар сув танқислиги билан боғлиқ муаммога самарали ечим берди. Майдонда ёпиқ дренаж ва томчилатиб суғориш тизимлари жорий қилинган. Оддий суғоришда бир гектар ерга 12 минг литр сув кетади. Янги тизим орқали эса бу сарф бор-йўғи 5 минг литрни ташкил этмоқда. Натижада сув 60 фоизгача тежалади.
Сув тўғридан-тўғри дарахт илдизига боради ва беҳуда сарф бўлмайди. Сув билан бирга берилган минерал ўғитлар 90 фоизгача ўсимлик томонидан ўзлаштирилади. Намликнинг бир маромда сақланиши ҳосилдорликни янада оширади. Тизим тўлиқ автоматлаштирилгани сабабли юзлаб гектар майдонни биргина оператор бемалол бошқара олади.
Иқлимнинг инжиқликларига қарамай шундай замонавий боғ яратилгани тадбиркорларимизнинг жасорати ва янгича фикрлаётганидан далолат экани қайд этилди.
Мевани шу ернинг ўзида қуритиш ва қайта ишлаш ускуналари ўрнатилгани маҳсулот қийматини бир неча баробарга ошираётгани таъкидланди.
Лойиҳа доирасида тайёр маҳсулотларни сотиш бўйича ҳам аниқ режа мавжуд. Экспорт қилиш юзасидан Хитой, Корея ва Россия давлатлари билан манфаатли шартномалар имзолаб бўлинган.
Кегейлидаги мазкур муваффақиятли тажриба бутун Қорақалпоғистон бўйлаб кенгайтирилади. Интенсив боғлар майдонини 10 минг гектарга етказиб, 40 мингта доимий ва мавсумий иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Шу ерда давлатимиз раҳбари фермерлар билан мулоқот қилди. Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида қайд этиб, Қорақалпоғистон тараққиётига қаратилаётган доимий эътибор учун миннатдорлик билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи давомида “Кегейли барака наслли парранда” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.
Мазкур йирик корхона Президентимизнинг 2024 йил 28 июндаги паррандачилик соҳасини қўллаб-қувватлашга доир қарори асосида ташкил этилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 7,8 миллион доллар. 21 гектар майдонни эгаллаган корхона ишга тушиши билан 70 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди.
Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати юқори бўлиб, 200 минг товуқ боқиш имкониятига эга. Ҳозирги кунда бу ерда 130 минг товуқ парвариш қилинмоқда. Корхона давлат бюджетига 4,8 миллиард сўм тушум келтириб, туман иқтисодиётига катта ҳисса қўшмоқда.
Мажмуада йилига 27,5 миллион дона инкубацион тухум етиштирилади. Ушбу тухумлар товуқ ва 1 кунлик жўжа ҳолида сотувга чиқарилади.
Бугун Кегейлида мана шундай замонавий мажмуа барпо этилгани яхши натижа экани қайд этилди. Бундай лойиҳалар нафақат маҳсулотлар таннархи, балки ҳудуднинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим эканига эътибор қаратилди.
Товуқларни сифатли озуқа билан таъминлаш масаласи ҳам корхонанинг ўзида ҳал этилган. Бу ерда суткасига 100 тонна ем ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган алоҳида завод қурилган. Ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган.
Илгари Қорақалпоғистонга товуқ ва тухум маҳсулотлари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан келтирилар эди. Ушбу корхона Оролбўйи ҳудудининг бу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини қондирибгина қолмай, маҳсулотни хорижга ҳам экспорт қилмоқда.
Жорий йилнинг сентябрь ойига қадар Афғонистонга 1,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Йил якунига қадар экспорт ҳажмини 1,5 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Йил якунига қадар яна 8,5 гектар майдонда қиймати 5 миллион долларлик янги фабрикани ишга тушириш мўлжалланган. Лойиҳа амалга ошгач, янги иш ўринлари яратилади ва ишлаб чиқариш ҳажми янада ортади.
Президентимиз бундай мажмуалар келгусида йирик паррандачилик холдингларига айланиб, нафақат янги, балки юқори маошли иш ўринларини яратишга хизмат қилиши кераклигини қайд этди, мутасаддиларга бу борада тегишли кўрсатмалар берди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ташаббуси билан Кегейли туманида ташкил этилган иссиқхона мажмуаси ҳам ўз лойиҳалари билан фаол иштирок этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу мажмуа фаолияти билан яқиндан танишди.
Бу ерга 12,5 миллиард сўм имтиёзли маблағ ажратилиб, 5 гектарда замонавий енгил типдаги иссиқхона барпо этилди. Натижада дастлаб Ижтимоий реестрда турган 50 та оила қамраб олиниб, улар учун доимий иш ўринлари яратилди.
Танлаб олинган ҳар бир эҳтиёжманд оилага 10 сотихдан иссиқхона майдони ажратиб берилди. Бунда ушбу комплексга бириктирилган лидер тадбиркор фақат ер ва иссиқхона ажратиш билан чекланиб қолмайди, балки уларни 2 йил давомида шу ернинг ўзида ўқитиб, етарли билим ва тажрибага эга бўлганидан сўнг ўз томорқаларида иссиқхона ташкил этиш ва даромад манбаини яратишга кўмаклашади.
Энг муҳими, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари лидер тадбиркор томонидан бозор нархида сотиб олинади.
Шунингдек, мазкур иссиқхона комплексида йилига 1 минг нафар фуқарони иссиқхона хўжалиги ва деҳқончилик соҳаси бўйича ўқитиш ҳам йўлга қўйилган. Мазкур тизим аҳоли учун кафолатли ва барқарор даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, оилалар даромадини янада кўпайтириш учун қўшимча имкониятлар яратилган. Иссиқхона яқинидаги 350 метрлик зовурда 500 бош ўрдак боқишга мўлжалланган жой ташкил этилди. Лойиҳа доирасида оилаларга 10 бошдан Бразилиядан келтирилган “Фаворит” наслли ўрдаклар ажратилиб, фуқароларга уларни кўпайтириш технологияси атрофлича ўргатилмоқда.
Мазкур лойиҳа қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Бугунги тадбиркорлар фақат ўз фойдаси учун эмас, балки одамларнинг ҳам яхши яшашига ўзини дахлдор деб билаётгани алоҳида эътироф этилди.
Лойиҳада замонавий ва ресурс тежамкор технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Ҳудудда қуввати 100 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, улар ишлаб чиқараётган электр энергияси иссиқхонанинг кундалик эҳтиёжини қоплайди.
Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Нукус туманидаги Дийқан арна маҳалласида бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди.
Ҳудудда мингдан ортиқ оила, жами 3 минг 600 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Бу ерда амалга оширилаётган ишлар одамлар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишга қаратилган.
Жорий этилган “Смарт маҳалла” тизими аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал этиш, демографик маълумотларни аниқ юритиш ва инфратузилма ҳолатини электрон назорат қилиш имконини бериб, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ижтимоий инфратузилмани яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Инвестиция дастури доирасида 4,5 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 60 ўринли замонавий боғча фойдаланишга топширилди. Маҳаллий бюджетдан 1 миллиард сўм йўналтирилиб, футбол ва воркаут майдончалари барпо этилди.
Аҳоли даромадини оширишда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида асаларичилик асосий йўналиш сифатида белгиланган. Ҳозирда маҳаллада 20 дан ортиқ хонадонда асалари боқилмоқда. Бир хонадонда 50-100 та асалари қутисидан йилига 1 тоннагача асал олиниб, даромад топилмоқда.
Давлатимиз раҳбари маҳаллада яшовчи Бахтияр Жубаев хонадонида бўлиб, асални қайта ишлаш цехи ва асалари қутиларини тайёрлаш жараёни билан танишди.
Бу ерда бир мавсумда 2 тонна қайта ишланган асал маҳсулоти сотилиб, йилига 200 миллион сўм атрофида фойда олинмоқда. Устахонада эса йилига 250 тадан ортиқ асалари қутиси тайёрланиб, қўшимча 80 миллион сўмгача даромад кўрилмоқда.
Йил якунига қадар Асаларичилар уюшмаси томонидан яна 100 та хонадонда кооперация асосида асалари боқишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу яна кўплаб оилаларни барқарор даромад манбаи билан таъминлашга хизмат қилади.
Президентимиз шу ерда ҳудуд фаоллари, нуронийлар ва ёшлар билан самимий мулоқот қилди.
Оролбўйини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан экани таъкидланди. Маҳаллаларда бошланган бундай хайрли ишлар кўлами кенгайтирилиб, уларни амалга ошириш суръати янада жадаллашиши қайд этилди.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси фаолияти билан танишди.
Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аввало, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга малакали мутахассисларга боғлиқ. Шу боис, Қорақалпоғистонда шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг малакасини тизимли оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги ташкил этилган академия соҳа ходимларини халқаро стандартлар ва илғор технологиялар асосида қайта тайёрлашнинг таянч марказига айланади.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 декабрдаги тегишли қарорига мувофиқ, ҳудуддаги тиббиёт муассасаларини хусусий сектор иштирокида илм-фан, таълим ва амалиётни бирлаштирган ягона инновацион кластерга айлантириш белгиланган.
Ана шу мақсадда 4,6 гектар майдонда умумий қиймати 154 миллиард сўм бўлган замонавий мажмуа барпо этилди, 80 та янги иш ўрни яратилди.
Академия йилига 3 минг нафар шифокор ҳамда 6 минг 800 нафар ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими малакасини ошириш имкониятига эга.
Шунингдек, ҳар йили Оролбўйи минтақасидан 100 нафарга яқин клиник ординатор тайёрланади.
Уларнинг таълим олиши ва яшаши учун зарур шароитлар яратилган. Узоқ ҳудудлардан келадиган мутахассислар учун 72 ўринли замонавий меҳмонхона фаолият юритмоқда.
Амалий кўникмаларни ривожлантириш учун 18 та симуляцион хона ташкил этилган. Уларда 50 дан ортиқ йўналиш бўйича рақамли ва симуляцион таълим йўлга қўйилган бўлиб, мутахассисларни 100 дан зиёд тиббий амалиёт бўйича халқаро стандартлар асосида тайёрлашга хизмат қилади.
Муассаса замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланган. Хусусан, бу ерда Марказий Осиёда ягона бўлган “Edge Medical” жарроҳлик роботи ўрнатилган. У симуляцион ўқув машғулотларини ўтказиш билан бирга реал клиник шароитда масофавий операцияларни юқори аниқликда бажариш имконини беради.
Академия нуфузли хорижий тиббиёт марказлари ва етакчи университетлар, жумладан, АҚШнинг Питтсбург ҳамда Германиянинг Фрайбург университетлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Халқаро ўқув курслари ва қўшма илмий тадқиқотлар ташкил этилиб, телемедицина ва рақамли таълим технологиялари жорий қилинган.
Давлатимиз раҳбари академиянинг амалий машғулот хоналарини кўздан кечирди, талабалар ва соҳа ходимлари билан мулоқот қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди.
Сўнгги йилларда ҳудудда тадбиркорлик ва инвестициялар учун яратилаётган қулай шароитлар иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Хусусан, 2016 йилда Қорақалпоғистоннинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 8,5 триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил бошига келиб 54 триллион сўмдан ошди. Маҳсулот ишлаб чиқаришда хусусий секторнинг улуши 66 фоизга етди. Фаол тадбиркорлик субъектлари сони 2,5 баробар кўпайиб, 26,5 мингтани ташкил этди.
Сўнгги тўққиз йилда юқори даромадли иш ўринларини яратиш учун Қорақалпоғистонга 5 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритилди. Жорий йил якунига қадар хорижий инвестициялар ҳажми 2,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Ҳудудда фаолият юритаётган хорижий ва қўшма корхоналар сони 2018 йилга нисбатан 2,2 баробар ошиб, 271 тани ташкил этди.
Маросим доирасида 592 миллион долларлик 11 та лойиҳа ишга туширилди ҳамда хорижий ҳамкорлар иштирокида амалга ошириладиган 7 миллиард долларлик 47 та янги лойиҳа қурилишига старт берилди. Уларнинг ҳисобига 8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Хусусан, Қораўзак туманида умумий қуввати 300 мегаватт бўлган иккита шамол электр станцияси ва 100 мегаваттли электр энергиясини сақлаш тизими ишга туширилди.
Ишга туширилган объектлар қаторида Нукус шаҳрида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда барпо этилган Шайх Халифа номидаги шифохона бор. Қиймати 27 миллион доллар бўлган 100 ўринли муассаса замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда 80 та иш ўрни яратилди.
Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси ҳам ҳудудда тиббий хизмат сифатини ошириш ва мутахассислар малакасини ривожлантиришга хизмат қилади.
Рақамли инфратузилмани ривожлантириш йўналишида Тахиатош туманида “Linkwise” корхонасининг 150 миллион долларлик модулли интеллектуал ҳисоблаш марказининг биринчи босқичи ишга туширилди.
Нукус шаҳрида жамоат транспортини яхшилашга қаратилган “SAPSAN TRANS NO‘KIS” корхонасининг 20 миллион долларлик лойиҳаси ҳам иш бошлади. 25 та автобус ва электробус олиб келинган бўлиб, йил якунига қадар қўшимча 75 та электробус келтирилади. Лойиҳада 200 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Қурилиши бошланаётган лойиҳалар энергетика, рақамли иқтисодиёт, саноат, транспорт, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олган.
Қўнғирот туманида Саудия Арабистонининг “ACWA” компанияси билан ҳамкорликда қиймати 2,6 миллиард доллар бўлган 1,5 гигаваттли йирик шамол электр станциясини қуриш ва ягона энергетика тизимига улаш ишлари фаол босқичга ўтмоқда. Лойиҳа доирасида 1,5 минг километр юқори кучланишли магистрал электр тармоғи тортилади, 500 киловольтли учта подстанция қурилади ва яна иккитаси модернизация қилинади.
Чимбой туманида кореялик инвесторлар билан республикада илк бор қизилмия илдизини қайта ишлаш орқали йилига 3 миллион куб метр биогаз ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга тушди.
Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 92 километрлик қисмида қурилиш ишлари бошланди. Лойиҳа қиймати 233 миллион долларни ташкил этади. Нукус шаҳри жамоат транспорти учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда 112 та электробус харид қилиш ва депо ташкил этиш лойиҳаси ҳам амалга оширилади.
Хитойлик ҳамкорлар билан Қўнғирот ва Тахиатош туманларида умумий қиймати 2 миллиард 281 миллион доллар бўлган рақамли валюта ишлаб чиқариш ва сунъий интеллект маълумотлар марказларини ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Тахтакўпир туманида ҳам маълумотлар маркази барпо этилади. Нукус шаҳрида чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳасига старт берилди.
Қораўзак туманидаги “Зенгибобо” конида олтин қазиб олиш бўйича 20 миллион долларлик корхона барпо этилади. Амударё туманида эса 15 миллион долларлик замонавий йирик савдо маркази ташкил қилинади.
Ижтимоий соҳада ҳиндистонлик ҳамкорлар билан давлат-хусусий шериклик асосида тиббиёт фанлари университети ва юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш шифохонаси ташкил этилмоқда.
Туркиялик ҳамкорлар иштирокида Нукус шаҳридаги “Дўстлик” канали бўйида Тошкентдаги “Seoul Mun” намунаси асосида 103 миллион долларлик дам олиш, кўнгилочар ва савдо маркази барпо этилади.
Маросимда хорижий ҳамкорлар лойиҳаларни амалга ошириш ва ишга тушириш муддатлари ҳақида ахборот берди. Вилоят ҳокимлари ўзларига бириктирилган туманларда янги иш ўринлари яратиш ва камбағал оилалар даромадини оширишга қаратилган лойиҳаларини тақдим этди.
Президентимиз нуронийлар, олимлар ва кенг жамоатчилик вакилларини ҳар бир лойиҳа ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга чақирди. Бундай ёндашув оилалар фаровонлигини таъминлаш, ёшлар келажаги ва Оролбўйининг мустаҳкам иқтисодий пойдеворини яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган хорижлик ҳамкорлар ва тадбиркорларга миннатдорлик билдирди.
Рамзий тугма босилиб, янги объектлар ишга туширилди ва қурилиш ишларига старт берилди. Инвесторлар ва ҳудуд фаоллари билан самимий мулоқот бўлиб ўтди.
Шу ернинг ўзида Нукус шаҳрида ёш оилалар учун барпо этиладиган “Янги Ўзбекистон” турар жой массивининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Массив учун 270 гектар майдон белгиланиб, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бошланган. Бу ерда 30 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уй-жойлар, йирик бизнес марказлари, савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар объектлар қурилади.
Кейин Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги “Nukus Insulation Group” корхонаси фаолияти билан танишди.
Корхонада маҳаллий базальт хомашёсидан замонавий иссиқлик изоляцияси материаллари ишлаб чиқарилмоқда.
Қорақалпоғистоннинг бой табиий ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган ушбу лойиҳа ҳудудда қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 9 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилди.
Умумий қиймати 50 миллион доллар бўлган корхонага Европада ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ўрнатилган. Улар маҳаллий хомашёдан халқаро стандартларга мос маҳсулот тайёрлаш имконини беради.
Корхона йилига 300 миллиард сўмлик 50 минг тонна иссиқлик изоляцияси материаллари ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 150 та янги иш ўрни яратилган.
Базальт асосидаги изоляция материаллари ёнғинга чидамлилиги, иссиқликни сақлаш хусусияти ва узоқ хизмат қилиши билан ажралиб туради. Уларнинг қурилишда қўлланилиши бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш, иситиш ва совитиш харажатларини камайтиришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотлар билан танишиб, корхона жамоаси билан самимий мулоқот қилди.
Шу ернинг ўзида Қорақалпоғистон туманларига бириктирилган вилоятлар ҳокимлари ўтган даврда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.
Президентимиз вилоятлар кўмагида ушбу туманларни қўллаб-қувватлаш ва ободонлаштириш ишлари кўламини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Ҳудудлар ўртасидаги алоқалар ва ишлаб чиқариш кооперациясини мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан биргаликда фойдаланиб, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган лойиҳаларни кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги “Coals KS” корхонаси фаолияти билан танишди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 16,3 миллион доллар. Корхонада газоблок ва оҳак ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Газоблок ишлаб чиқариш учун “Нукус” эркин иқтисодий зонасида 4,8 гектар майдон ажратилган.
Оҳак ишлаб чиқариш қувватлари эса Қораўзак туманидаги 4,8 гектар майдонда жойлашган.
Корхона йилига 300 минг куб метр газоблок ва 165 минг тонна оҳак ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ички бозорга замонавий қурилиш материаллари етказиб бериш билан бирга экспортни йўлга қўйиш имконини ҳам беради. Маҳсулотларни Қозоғистон ва Туркманистонга экспорт қилиш режалаштирилган.
Ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган хомашёнинг 96 фоизи маҳаллий манбалардан олинади. Хусусан, кварц қуми, цемент ва гипс мамлакатимиздаги корхоналар томонидан етказиб берилмоқда. Бу маҳсулот таннархини пасайтириш ва таъминот барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Корхонада тайёрланаётган газоблоклар енгиллиги, иссиқликни сақлаш ва товуш изоляцияси хусусиятлари билан ажралиб туради. Улар оддий пишиқ ғиштга нисбатан 3-4 баробар енгил бўлиб, қурилиш харажатларини камайтиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда корхонада 200 нафар маҳаллий аҳоли меҳнат қилмоқда. Корхона томонидан ҳозиргача умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган 5 та йирик лойиҳа ишга туширилган. Яна 40 миллион долларлик 4 та янги лойиҳа бўйича қурилиш ишлари давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёнлари ва маҳсулотлар билан танишиб, корхонанинг истиқболдаги режалари ҳақидаги ахборотни тинглади. Ишчилар билан самимий мулоқот қилди.
Маҳсулот таннархини пасайтириш билан бирга сифатини юқори даражада сақлаш, ишлаб чиқариш ҳажми ва экспорт имкониятларини кенгайтириш, ходимлар малакасини мунтазам ошириб бориш муҳимлиги таъкидланди. Корхона раҳбарияти ва соҳа масъулларига тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги 1-сон техникуми фаолияти билан ҳам танишди.
Мамлакатимизда ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, ички ва халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 17 июлдаги “Республикада халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур техникумда Буюк Британиянинг “Pearson BTEC” халқаро таълим дастури жорий этилди.
Дунёнинг 70 та мамлакатида қўлланилаётган ушбу дастур Ўзбекистонда илк бор мазкур техникумда йўлга қўйилди. Унинг асосий хусусияти назарий билимларни амалий кўникмалар билан уйғунлаштиришдир. Шу мақсадда таълим стандартларига мос замонавий ўқув устахоналари ва рақамли лабораториялар ташкил этилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 11,9 миллиард сўм. Натижада 240 ўринли замонавий устахоналар яратилди. Техникумда жами 1 минг 203 нафар ўқувчи таълим олмоқда.
Муассаса 4 гектар майдонда жойлашган бўлиб, бино ва иншоотларининг умумий майдони 4,6 минг квадрат метрни ташкил этади. Бу ерда дуал таълимни йўлга қўйиб, ҳудуд иқтисодиётининг етакчи тармоқлари учун мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган. Халқаро дастур битирувчиларига 70 дан ортиқ давлатда тан олинадиган диплом берилади.
Хусусий ҳамкор иштирокида “spin-off” таълим дастури ҳам йўлга қўйилган. Унинг доирасида 136 нафар ўқувчи талаб юқори бўлган замонавий касбларни эгалламоқда. Асосий фанлар инглиз тилида ўқитилиб, ўқув-услубий материаллар ҳам шу тилда тақдим этилмоқда. Бу ўқувчиларнинг касбий билимлари билан бирга соҳавий тил кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Амалий тайёргарлик натижасида битирувчиларнинг хорижда ишлаш имкониятлари кенгаймоқда. Жорий йилда техникумда пайвандчилик бўйича ўқитилган 25 нафар ишсиз фуқаро Эстонияга ишга юборилди. Улар ойига 3 минг еврогача иш ҳақи олмоқда.
Шунингдек, ташкил этилаётган 40 миллион долларлик саноат зонаси учун зарур мутахассисларни мазкур техникумда тайёрлаш бўйича келишувларга эришилган. Бу таълимни ишлаб чиқариш билан боғлаш ва битирувчилар бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари техникумда яратилган шароитлар билан танишди. Халқаро меҳнат бозорида малакали кадрларга талаб ортиб бораётгани қайд этилиб, ўқув жараёнларини иш берувчилар эҳтиёжларига мувофиқ ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Нукус шаҳридаги янгиланган кўча бўйлаб сайр қилди.
Шаҳарнинг Ғаресизлик, С.Камалов ва Ғ.Шеразиева кўчаларида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари натижасида аҳоли ва шаҳар меҳмонлари учун қулай дам олиш муҳити, савдо ва кўнгилочар масканларнинг туну кун фаолият юритиши учун шароит яратилди.
Бу ишларга 2,2 миллиард сўм ажратилиб, кўчаларнинг 2,5 километрлик қисми таъмирланди ва инфратузилмаси янгиланди.
Пиёдалар йўлаклари барпо этилиб, ўриндиқлар ва чиқинди қутилари ўрнатилди. Ҳудудни тунги вақтда ёритиш учун қуёш панеллари ёрдамида ишлайдиган энергия тежамкор чироқлар ўрнатилди. Ёмғир сувларини оқизиш ва сув тўпланишининг олдини олиш мақсадида 1,5 километрлик тармоқ янгидан қурилди, мавжудлари модернизация қилинди.
Яратилган шароитлар тадбиркорлик фаолиятини ҳам жонлантирди. Ҳудудда 8 та янги тадбиркорлик субъекти иш бошлади, яна 10 таси фаолиятини кенгайтирди. Натижада 75 та янги иш ўрни яратилди.
Давлатимиз раҳбари кўча бўйлаб юрар экан, одамлар билан самимий мулоқот қилди, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик энг қадрли неъмат эканлигини таъкидлаб, эзгу тилакларини билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Нукус шаҳридаги реконструкция қилинган “Турон” стадиони билан ҳам танишди.
Мажмуанинг янгиланиши ҳудудда оммавий ва профессионал футболни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни саралаш ва спортчиларнинг тайёргарлигини ошириш учун янги имкониятлар яратди. Бу ишлар давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 7 апрелдаги “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларга мувофиқ амалга оширилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 118,6 миллиард сўмни ташкил этади. Мажмуада 85 нафар кишининг доимий бандлиги таъминланди. Реконструкция натижасида стадион сиғими 9,3 мингдан 12 минг ўринга етказилди.
“Турон” стадиони “Арал” профессионал футбол клубининг базаси ҳисобланади. Бу ерда Республика футбол академиясининг 190 нафар тарбияланувчиси мунтазам машғулотлар ва ўқув йиғинларини ўтказмоқда. Мажмуада иккита спорт зали ва иккита қўшимча стадион ҳам мавжуд.
Академия тарбияланувчилари учун 196 ўринли ётоқхона, 84 ўринли ошхона, тренажёр заллари ва тактик таҳлил хоналари ташкил этилган. Шунингдек, енгил атлетика, бокс ва таэквондо бўйича бир вақтнинг ўзида 100-150 нафар спортчининг шуғулланиши учун шароит яратилган.
Стадионда оммавий ахборот воситалари учун махсус платформалар, офсайд камераларини ўрнатиш нуқталари ҳамда марказлашган VAR тизими учун алоҳида зона ташкил этилди. Мазкур инфратузилма мусобақаларни юқори савияда ўтказиш ва ёритишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуадаги шароитлар билан танишиб, Қорақалпоғистонда спортни, хусусан, футболни ривожлантириш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берди.
Президентимиз шу ерда машғулот ўтаётган ёш спортчилар билан самимий суҳбатлашди ва улар билан эсдалик учун суратга тушди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА махсус мухбирлари