Қорамоллар фақат кушхонада суйилиши керак
Президентимиз томонидан жорий йил 24 январда ўтказилган чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича кенгайтирилган йиғилишда берилган топшириқлардан келиб чиқиб, Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан вилоятдаги кушхоналар ва гўшт дўконлари, қассоблар фаолиятини тартибга солиш ва терини қайта ишлаш қувватларини ошириш масалалари муҳокама этилди.
– Маълумотларга кўра, вилоятимизда йилига камида 300 минг бош қорамол, 625 минг бош қўй сўйилади, – деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. – Айни пайда эса 24 та кушхона фаолият юритмоқда ва уларнинг йиллик қуввати сўйилаётган чорва молларининг 22,5 фоизини қамраб олади. Лекин шундан ҳам фойдаланилмаяпти.
Кушхоналар қувватларидан фойдаланиш даражаси бор-йўғи 29 фоизни ташкил этмоқда. Қассоблар чорва ҳайвонларини асосан хонадонларида сўймоқда. Буни ҳозирда вилоятимизда 869 та кўшт дўкони бўлса-да уларнинг 461 таси кушхоналар билан шартнома имзолаганида ҳам кўриш мумкин. Энг ёмони, айрим қассоблар шартнома тузган бўлишига қарамай, чорвани ўз уйида сўйишда давом этмоқда. Бу эса табиийки, гўшт ва тери сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Йиғилишда бундан буён чорва ҳайвонларини фақат кушхонада сўйиш, санитария ва ветеринария қоидаларига қатъий риоя қилиш, кушхоналар томонидан арзон ва қулай транспорт хизматини йўлга қўйиш, тери хомашёсини кушхонанинг ўзида сотиб олиш бўйича вазифалар белгиланди. Кушхоналардан олис ҳудудлар ва бозорларда чорва молларини сўйиш учун мобил кўчма сўйиш агрегатлари ташкил этилади. Замонавий кушхоналар ташкил этилгунга қадар фақатгина Қўшработ, Нуробод, Пахтачи туманлари, Каттақўрғон туманининг бир қисмида майда шохли чорва молларини уйда сўйишга рухсат берилади. Вилоят ҳокими бу борада жамоатчилик назорати имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
Шу мақсадда журналист ва блогерлар, жамоатчилик вакиллари тизимда қонун ва амалдаги тартибларга зид ҳаракатларни кузатса ёки буни аниқлаб, хабар берса улар ҳокимлик томонидан моддий рағбатлантирилиши билдирилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА