Қоракўлда гемодиализ бўлими очилди
Бухоро вилояти Қоракўл тумани тиббиёт бирлашмасининг Гемодиализ бўлимининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, шифокорлар қатнашди.
Ички касалликлар бўлими биносининг биринчи қаватида очилган мазкур тиббиёт муассасаси тажрибали бинокор Худойқул Тангриев бошчилигидаги “Қоракўл Дониёр монтаж” МЧЖ жамоаси томонидан мукаммал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.

Бўлимнинг ишга туширилиши натижасида махсус тайёргарликдан ўтказилган ўнга яқин олий ва танлов асосида сараланган ўндан ортиқ ҳамшираларнинг бандлиги таъминланди.
Шу куни Жондордан 19 нафар, Қоракўлдан 18 нафар, Олотдан 5 нафар тиббий муолажага муҳтож беморга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бошланди. Ҳолбуки, буйрак етишмовчилиги билан оғриган фуқаролар шу кунгача муолажа ёки оддий дори-дармон учун ҳам вилоят марказига қатнашга мажбур эди. Эндиликда эҳтиёжманд аҳоли вакиллари овора бўлиб юрмайди.
— Буйрак етишмовчилиги билан яшаётган беморлар ҳар уч кунда, баъзилари эса ҳар куни ёки ҳафтада бир марта гемодиализ муолажаларини олиши керак, – дейди Қоракўл тумани Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Элёр Олтиев. — Янгидан қуриб ишга туширилган бўлимга Германия давлатидан умумий қиймати 180 минг еврога тенг бўлган олтита замонавий гемодиализ асбоб-ускуналари ва 390 миллион сўмлик сув тозалаб фильтрлаш қурилмаси олиб келинди. Беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини кенгайтириш мақсадида йил якунига қадар яна 4 дона қўшимча аппарат олиб келиш режалаштирилган.

— Кесарча кесиш йўли билан ўтган оғир туғруқдан кейин белим ва оёқ қўлимда оғриқ кун сайин кучайиб бориб, қон босимим кўтарилиб, бир неча кунда яна касалхонага ётишга мажбур бўлдим, – дейди қўшни Қашқадарё вилоятидан Қоракўлга келин бўлиб тушган Шаҳноза Қўлдошева. — Менда буйрак қон етишмовчилиги сабабли шундай хавф-хатар юзага келганини кейин билдим. Гемодиализ аппарати орқали даво муолажасини тайинлашгани фойда бериб, эртасигаёқ ўзимга келдим, оғриқ ва шишлар йўқолди. Мени ҳаётга қайтарган малакали шифокорлардан миннатдорман.

Зариф Комилов, ЎзА