Қоракўлчилик яна эътиборда
Самарқандда Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтининг 90 йиллиги муносабати билан халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда мазкур институт томонидан ташкил этилган конференцияда юртимиз олимлари билан биргаликда Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Украинадаги қоракўлчилик бўйича мутахассислар онлайн иштирок этиб, соҳадаги ютуқ ва муаммолар хусусида ўзаро фикр алмашди.

Республика Қоракўлчилик уюшмаси раиси Э.Ҳайитовнинг таъкидлашича, бугунги кунда юртимизда 6 миллиондан зиёд қоракўл қўйлари боқилмоқда. Аммо 17 миллион гектар қоракўлчиликда фойдаланиладиган майдоннинг 25 фоизи инқирозга учраган. Ушбу яйловларни тиклаш, қоракўл қўйлар учун тўйимли озуқа ўсимликлари ўстириш масаласига институт олимлари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йил институт тасарруфидаги 200 гектар уруғчилик тажриба майдонида қарийб 4,5 тонна саксовул, чўғон, шувоқ сингари чўл ўсимликлари уруғи етиштирилди. Бу 1000 гектар яйловнинг ҳолатини яхшилаш имкониятини беради.

– Тарихи 1930 йил 26 октябрда иш бошлаган Каттақўрғон тажриба станциясига бориб тақаладиган мазкур институт ўтган йиллар давомида нафақат юртимиз, балки Марказий Осиёда қоракўлчилик ва чўл экологияси соҳасида самарали илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, қоракўлчиликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга илмий марказ сифатида ўз ўрнига эга бўлди, – дейди Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти директори Н.Бобоқулов. – Тан олишимиз керак, ўртада бир неча йиллар ушбу тармоқ ҳам, мазкур институт ҳам бироз эътибордан четда қолди. Фақатгина кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан юртимизда қоракўлчиликни ривожлантириш, бу борадаги мавжуд салоҳият ва имкониятлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилгач, институт фаолиятинин кучайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун амалий ҳаракатлар бошланди. Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2020 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорини алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади.

Мазкур ҳужжатлар асосида қоракўлчиликда селекция-наслчилик ишларини тизимли йўлга қўйиш, қоракўлчилик кластерлари ташкил этишга киришилди. Ва бу ишларда институтимиз олимлари, ёш тадқиқотчиларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Айни пайтда улар томонидан Қоракўл қўйлари генетикаси, селекцияси, урчитиш, кўпайтириш ва наслчилик ишларини кучайтириш, маҳсулот ишлаб чиқариш, уни қайта ишлаш, қоракўл кўйларини озиқлантириш ва асраш борасида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, чўл яйловларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш, чўл-яйлов чорвачилигининг экологик муаммоларини ўрганиш, чўл озуқабоп ўсимликларининг интродукцияси, селекцияси ва уруғчилиги йўналишларида ҳам изланишлар олиб борилмоқда.
Бу ишлар натижасида қоракўл қўйларининг маҳсулдор 32 та завод типи ва чўл озуқабоп ўсимликларининг серҳосил маҳаллий 16 та нави яратилган. Институт олимлари томонидан кейинги ўттиз йил давомида 71 та патент олинган.

Конференцияда юртимиздаги 40 дан ортиқ қоракўлчилик кластерлари вакилари ҳам иштирок этди.
Шунингдек, анжуман доирасида наслли қоракўл қўйлари ва қоракўлчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА