Қоракўлчилик илм-фан асосида ривожланади
Республика Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда “Қоракўлчилик” уюшмаси ташаббуси билан Нуробод туманидаги Самарқанд вилоят қоракўлчилик маркази ҳамда “Нурли эл-чорвадори” масъулияти чекланган жамияти базасида қўзилатиш мавсумини намунали ўтказишга бағишланган ўқув-амалий семинарлар бўлиб ўтди.
Семинарда Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги қоракўлчилик хўжаликлари ва кластерлар раҳбарлари, чорва, наслчилик бўйича мутахассислар, ветврач ва веттехниклар иштирок этди.
– Қишлоқ хўжалигида йилнинг дастлабки ҳосили қоракўлчилик соҳасида олинади, – дейди Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти директори, “Қоракўлчилик” уюшмаси раисининг илм-фан бўйича ўринбосари Н.Бобоқулов.
– Қишнинг изғирин ва аёзли кунларидан беталофат олиб чиқилган совлиқлар март ойида қўзилашни бошлайди. Қоракўлчиликда ушбу мавсум энг масъулиятли ва синовларга бой палла ҳисобланади. Сабаби март ойида ўтказиладиган мавсум давомида об-ҳавонинг турли ноқулайликлари, баъзан совуқ, баъзан серёғин кунлар кўп бўлиб, совлиқлардан соғлом ва дуркун қўзи олиш чўпон-чўлиқлар учун машаққатли юмушдир. Бундай пайтда белгиланган юмушларни илмий асосланган ҳолда амалга ошириш керак бўлади. Семинар айни шу мақсадда ташкил этилди.
Тадбирда олимлар, соҳа мутахассислари қоракўлчилик хўжаликлари ва кластерлар масъулларига мавсумда эътибор қаратиш керак бўлган масалалар юзасидан зарур тавсия ва маслаҳат берди. Илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш, мавжуд илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этишга келишиб олинди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА