Қора металл айланмаси билан боғлиқ барча жараёнлар электрон платформа орқали реал вақт режимида мониторинг қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Бугунги кунда Бекобод металлургия комбинати металл прокатнинг 40 фоизини иккиламчи металдан, 60 фоизини импорт ҳисобидан ишлаб чиқармоқда.
Республика бўйича ҳар йили 700 минг тонна қора металлолом комбинатга топширилаётган бўлса-да, яна 500 минг тонна металлолом хуфиёна айланмада қолмоқда.
Шу боис, қора металл айланмаси билан боғлиқ барча жараёнлар электрон платформа орқали реал вақт режимида мониторинг қилинади.
Қора металлургия саноатида соғлом рақобат муҳити ва нарх барқарорлигини таъминлаш, соҳада таъсирчан назорат механизмларини ўрнатиш учун Ҳукуматда алоҳида лойиҳа офиси ташкил этилади.
Ушбу офис металл маҳсулотлари бозорини кунлик таҳлил қилади, хомашё ва тайёр маҳсулотга талаб ва таклифни шакллантиради, маҳсулот сифати, келиб чиқиши, физик ва кимёвий таркиби акс этадиган рақамли паспортни юритади.
Мутасаддиларга бир ойда лойиҳа офиси фаолиятини йўлга қўйиш, 1 августдан “Э-лом” электрон платформасини ишга тушириб, қора металл айланмасини назоратга олиш топширилди.
ЎзА