Қўқонлик наққош устанинг кўргазмаси
Қўқон шаҳри ўзининг нафис санъати, машҳур ҳунармандчилик мактаби ва адабий муҳити, маърифат ва кучли маънавияти билан ном қозонган. Бу ерда яратилган санъат дурдоналари нафақат халқимизнинг, балки умумжаҳон мулкига айланиб улгурган. Латиф кентга Жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақомининг берилгани ҳам бу ердаги миллий ҳунармандчиликка бўлган юксак эътибор ифодаси бўлди.
Шаҳарда устазода ҳунармандлар кўплаб топилади. Қўқон ёғоч ўймакорлик мактабининг олтинчи авлод вакили Мирзаюнус Умаров шулардан биридир. “Арт резиденция” ҳунармандлар мажмуасида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ҳунарманднинг “Санъатга бахшида умр ёхуд узилмаган шажара” номли кўргазмаси ташкил этилди.
Қўқон ёғоч ўймакорлиги мактабининг асосчиси Қодиржон Ҳайдаров сулоласининг давомчиси бўлган устанинг ўткир зеҳни ва ноёб қобилияти маҳсули бўлган ёғоч ўймакорлиги маҳсулотлари кўргазмага ўзига хос жозиба бахш этди. Оддий ёғочдан яратилган нақшинкор маҳсулотлар кўргазма иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.
[gallery-20129]
Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмоновлар устазода Мирзаюнус Умаровнинг ёғоч ўймакорлиги санъатидаги ўзига хос қирралари хусусида сўз юритди.
Қўқон ёғоч ўймакорлиги мактаби анъаналарини давом эттириб, 100 нафардан зиёд шогирдларни тарбиялаётган Мирзаюнус Умаров бир неча маротаба шаҳар, вилоят ва республика кўрик-танловларида фаол иштирок этиб, турли хил номинацияларда ғолибликни қўлга киритгани эътироф этилди. Таниқли устанинг кўп йиллик меҳнат фаолияти ҳамда юртимизда ёғоч ўймакорлиги йўналишини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирилди.
– Бугунги эътибордан жуда хурсандман, – дейди Мирзаюнус ака. – Ёғоч ўймакорлиги ўта синчковлик, маҳорат ва кишидан сабр талаб этадиган санъатдир. Шундай бўлса-да, ёшларнинг қизиқиши катта эканлиги кўнглимни тўқ қилади. Улардаги иштиёқни кўриб, ёғоч ўймакорлиги санъатининг боқийлигига ишончим тобора ортиб боради.
Кўргазмани томоша қилиш учун келган санъат ихлосмандлари ичида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан вакиллар борлиги Қўқон ёғоч ўймакорлиги мактабининг нуфузи баланд эканлигига ёрқин далил бўлди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/G8cG-Mom4X4?si=lbyC0momzIQN414j" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Сулаймонов,
М.Қодиров олган(сурат,видео),ЎзА