Қонунни билган ёш — ҳуқуқини англаган шахс
Ҳуқуқий маданият оиладаги тарбия, таълим муассасасидаги сабоқ ва жамиятдаги муносабатлар орқали шаклланади. Қонунни билиш, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини англаш, бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш инсоннинг ҳаётда тўғри йўл танлашида муҳим ўрин тутади. Айниқса, ахборот оқими жадаллашган, интернет ва ижтимоий тармоқлар ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланган бугунги кунда уларни ҳуқуқий билимлар билан қуроллантириш, турли хавф-хатарлардан огоҳ этиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Зеро, ўз ҳуқуқини билган ёш алдовга осонгина учмайди, қонунга зид хатти-ҳаракатларнинг оқибатини англайди, муаммоли вазиятларда эса ҳиссиётга берилмасдан, қонуний ечим излашга интилади. Шу маънода, мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган таълимий-маърифий тадбирлар келажак учун муҳим сармоядир.
Давлат раҳбари ташаббуси билан инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани бу борадаги ишларнинг мазмун-моҳиятини белгилаб бермоқда. Бунда ҳуқуқий билимни фақат қонунлар матни билан танишиш даражасида қолдирмай, уни кундалик ҳаётда қўллай оладиган, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан бирга ўз бурчини ҳам теран англайдиган авлодни тарбиялаш муҳим вазифадир. Ана шу мақсад йўлида мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилаётган “Омбудсман соати” дарслари ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларда инсон ҳуқуқларига ҳурмат туйғусини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Навбатдаги ана шундай машғулот Бухоро шаҳридаги 29-сонли умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абера Ҳусейнова томонидан ўтказилди.

Машғулотнинг эътиборли жиҳати шундаки, у одатий маъруза шаклида эмас, балки замонавий таълим усуллари асосида, видеодарслар, очиқ мулоқот ва ҳаётий мисоллар уйғунлигида ташкил этилди. Бу эса ўқувчиларга ҳуқуқий тушунчаларни шунчаки эшитиш эмас, балки уларнинг ҳаётдаги аҳамиятини англаш, турли вазиятларни таҳлил қилиш ва мустақил фикр юритиш имконини берди.
Дарс давомида ўқувчилар инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний кафолатлари, ҳуқуқлар бузилган ҳолларда ҳимоя механизмларидан фойдаланиш имкониятлари ҳақида маълумот олдилар. Шунингдек, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари билан бир қаторда, бошқалар олдидаги масъулияти ва қонунларга риоя этиш мажбурияти ҳам борлиги тушунтирилди. Чунки ҳуқуқий маданият фақат ўз ҳақини талаб қилишдан иборат эмас. У бошқаларнинг қадр-қиммати, шаъни, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилишни ҳам англатади. Ўзгаларнинг ҳуқуқини ҳурмат қилган инсонгина жамиятда адолат ва ўзаро ишонч қарор топишига ҳисса қўша олади.
Бугунги ёшлар билим олиш, мулоқот қилиш ва дунёқарашини кенгайтириш учун интернетдан фаол фойдаланмоқда. Бироқ рақамли имкониятлар билан бирга киберфирибгарлик, шахсий маълумотларнинг тарқалиб кетиши, сохта ҳаволалар, интернет орқали тазйиқ ва бошқа ҳуқуқбузарликлар хавфи ҳам мавжуд. Шу боис “Омбудсман соати”да кибержиноятчиликдан ҳимояланиш, интернет ва ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда турли салбий таъсирларга тушиб қолмаслик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳаётий мисоллар асосида берилган тушунтиришлар орқали ўқувчилар рақамли маконда ҳам қонун-қоидаларга амал қилиш, шахсий маълумотларни эҳтиётлаш, нотаниш шахсларга ишонч билдиришда ҳушёр бўлиш, шубҳали хабар ва ҳаволаларга алданмаслик муҳимлигини англаш имконига эга бўлдилар.

Энг муҳими, интернетда содир этилган хатти-ҳаракатлар ҳам муайян ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ёшлар тушуниб етиши зарур. Виртуал оламдаги ҳақорат, таҳдид, фирибгарлик ёки бошқа шахснинг шахсий дахлсизлигига тажовуз қилишни оддий ҳазил ёки бепарволик билан оқлаб бўлмайди. Ҳар бир ҳаракат учун масъулият борлигини англаш эса ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Машғулот давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, мавзу юзасидан фикр алмашдилар. Бундай очиқ мулоқотнинг аҳамияти шундаки, бола ўзини қизиқтирган масалани эркин сўраш, турли фикрларни тинглаш ва мустақил хулоса чиқаришни ўрганади. Зеро, ҳуқуқий саводхонлик бир кунлик тадбир ёки бир соатлик дарс билан чекланмайди. У мунтазам билим олиш, ҳаётий вазиятларни тўғри баҳолаш, қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш орқали шаклланади. Шунинг учун ҳам мактаб, оила ва жамоатчиликнинг бу борадаги ҳамкорлиги муҳимдир.
Ўқувчи бугун ўз ҳуқуқини англаса, эртага муаммога дуч келганда қаерга мурожаат қилишни, қандай қонуний йўл тутишни ва ўз манфаатларини қай тарзда ҳимоя қилишни билиб боради. Бу эса нафақат унинг шахсий хавфсизлиги, балки жамиятда ҳуқуқий маданият ва фуқаролик масъулиятини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири