Қонундан қочган узоққа бора олмайди
Доно халқимизда бировники – бировга буюрмайди, деган ажойиб нақл бор. Фирибгарлик, алдаш ва ҳоказо нопок йўллар билан ўзгаларнинг мол-мулкини, товар-бойликларини ўзлаштириш мақсадида ноқонуний иш тутган кишининг сўнги манзили қамоқхона бўлиши шубҳасиз.
Қонунни бузган қон йиғлайди, ундан қочган узоққа бора олмайди, деганларидек, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор қидирув тадбири давомида жиноий ишлар бўйича Дўстлик туман суди томонидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан кўп миқдордаги ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш) билан айбланиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган фуқаро қўлга олинди.
Жорий йилнинг 2 май куни қидирув эълон қилинган, Андижон вилояти Хўжаобод тумани, “Сўқолол” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 1981 йилда туғилган Бойбўлмасжон Алдаржоновнинг (исми-шарифи ўзгартирилди) Тошкент шаҳридаги яширин манзили борлиги аниқланиб, амалга оширилган тезкор тадбир натижасида ушбу шахс қўлга олинди.
Бузоқнинг қочар жойи самонхона, эгрининг борар жойи қамоқхона, деб бежизга айтишмаган экан. Айни пайтда, фуқаро Бойбўлмасжон Алдаржонов Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА