Қонунчиликдаги янгиликлар ёшларга тушунтирилди
Тошкент давлат транспорт университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида “Депутат ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда иштирок этган “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Фарида Бўтаева ёшларни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва фракциялар фаолияти, қонунлар ва уларни тайёрлаш, қабул қилиш жараёни билан таништирди.

Тадбирда шунингдек, Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар хусусида тўхталиб ўтилди. Янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодекси мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Депутатлик масъулияти, сайловчилар олдидаги мажбуриятлари ҳақида ёшларга сўзлаб берилди.
Бундан ташқари, учрашувда юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб таълим-тарбия бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

– Бугунги ёшларимиз яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўқиши, ўрганиши, айни ўзгаришлар жараёнида фаол қатнашмоғи лозим, – деди Ф.Бўтаева. — Аввало ўз халқини, Ватанини севиши, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизни асраб-авайлаши керак. Ана шундагина Ватанга содиқ ва муносиб фарзанд сифатида камолга етади.
Учрашув давомида ёшларнинг қатор савол ва мурожаатларига ҳам жавоб қайтарилди. Тадбирда фаол иштирок этган талабаларга эсдалик совғалари тақдим этилди.
М.Комилова, ЎзА