Қонунчиликдаги муҳим янгиликлар банк ходимларига тушунтирилди
«Ўзмиллийбанк» АЖ Навоий вилоят бош бошқармасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги сўнгги ўзгаришлар ҳамда «Одил судлов — 2030» стратегиясининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ташкил этилди.
Семинар Навоий туманлараро иқтисодий суди судьялари Б. Джумаев ва А.Хамидов иштирокида ўтказилиб, унда банк ходимлари, ҳуқуқшунослар, шунингдек давлат органлари ва муассасалари вакиллари қатнашди.
Тадбирнинг асосий мавзуси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 августдаги ПФ-160-сон Фармони билан тасдиқланган «Одил судлов — 2030»: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси доирасида назарда тутилган муҳим янгиликлар бўлди.
Иқтисодий суд ишларида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Семинар давомида судьялар Стратегияда белгиланган, хусусан иқтисодий судлар фаолияти ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун амалий аҳамиятга эга бўлган ўзгаришларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Жумладан, 2028 йил 1 январдан иқтисодий суд ишларини проактив бошқариш (Проаcтиве Cасе Манагемент) стандарти жорий этилиши кўзда тутилган. Ушбу ёндашув ишни кўриб чиқишда аниқланган айрим формал камчиликларни суднинг фаол кўмагида бартараф этишга қаратилган.
Шунингдек, даъво аризаларини қайтариш тартибини такомиллаштириш, иш тегишли судга бевосита ўтказилишини таъминлаш, суд биноларида «ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатиш офисларини ташкил этиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларга зарур маълумотларни бир жойда тақдим этиш каби янгиликлар ҳақида маълумот берилди.
Стратегия доирасида суд медиацияси институтини жорий этиш, айрим тоифадаги иқтисодий низоларни судгача ҳал этиш механизмларини ривожлантириш ҳамда трансчегаравий низоларни кўриб чиқишнинг процессуал асосларини халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш ҳам назарда тутилган.
Суд тизимида рақамлаштириш давом этади
Семинарда суд тизимини рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2027 йил 1 июлдан ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга ҳудудлараро судларни ташкил этиш, суд иш юритувини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, мй.суд.уз интерактив хизматлар портали ва унинг мобил иловаси имкониятларини кенгайтириш режалари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, суд харажатлари ва давлат божини тўлаш тартибини такомиллаштириш, суд ҳужжатларини қисқа ва тушунарли шаклда тайёрлаш, шунингдек уларнинг ижросини таъминлаш механизмларини ривожлантириш бўйича режалаштирилган ўзгаришлар муҳокама қилинди.
Назарий маълумотдан амалий мулоқотгача
Тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири унинг очиқ мулоқот шаклида ўтказилгани бўлди. Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан судьяларга бевосита саволлар бериш имкониятига эга бўлдилар.
Судьялар томонидан қонунчиликдаги ўзгаришларнинг амалий қўлланилиши бўйича тушунтиришлар берилиб, иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоблар ва тегишли тавсиялар тақдим этилди.
Бундай учрашувлар банк ходимларининг қонунчиликдаги янгиликлардан хабардорлигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш ҳамда профессионал фаолиятда янги талабларни тўғри қўллаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
ЎзА