
Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва осойишталигини таъминлашга бел боғлаган етук мутахассисларни тайёрлашда Жамоат хавфсизлиги университети муҳим ўрин тутмоқда.
Янги авлодни турли хатарли иллатларга нисбатан муросасиз бўлиш руҳида тарбиялаш, жамият ҳаётидаги ҳар қандай қонунбузарликка қарши қатъий курашиш бугунги кунда умуммиллий вазифага айланган.

Бу Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари вa коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Жамоат хавфсизлиги университети билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда қайд этилди.
Ёшларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, қонунбузарликларга қарши курашишда ўз вақтида ва самарали чоралар кўришга ўргатиш масалалари муҳокама қилинди.

Таълим жараёнларининг мазмунан бойитилиши, амалиёт билан уйғунлиги ва ҳуқуқий онгни оширишдаги долзарб йўналишлар ҳақида фикр алмашилди.
Тадбир якунида Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандум жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги чора-тадбирларни изчил амалга оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА