Қонун устуворлигини таъминлаш йўлида
Конституциямиз мамлакатимиз суверенитетини, унинг ривожланишини, фуқароларимизнинг ҳаётини, жамиятдаги ўрни ва турмуш тарзини белгилаб берувчи асосий қонундир. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига асосланган, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг мустаҳкам йўлини белгилаб беради. Асосий қонунимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда бошқа муҳим халқаро ҳуқуқий нормаларни ўзида мужассам этади ва жаҳон андозаларига мос келади.
Энг муҳими, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимизда замонавий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг қонуний асоси, диёримиздаги тинчлик ва осойишталик, фуқаролар ва миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, юртимизнинг ривожланган давлатлар қаторига кириши, халқимиз фаровонлигини янада оширишнинг ҳуқуқий кафолати бўлиб келмоқда. Шунингдек, унда мамлакатнинг халқаро муносабатларнинг мустақил субъекти экани, ташқи сиёсатни ўз манфаатларидан келиб чиқиб олиб бориши, халқаро ташкилотлар ва давлатлараро тузилмаларга кириш ҳуқуқи қонуний мустаҳкамлаб қўйилган.
Юртдошларимиз онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришлар кўламини кенгайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишда ҳуқуқий тарбиянинг ўрни беқиёсдир. Юртимизда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатнинг асосий мақсади ҳам аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва уларнинг фаровон ҳаёт кечиришлари учун зарур бўлган барча шарт-шароит ҳамда қулайликларни яратишдан иборатдир.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, фуқароларнинг манфаатлари ҳамда уларнинг турмуш тарзини белгилаб берадиган стратегик ҳужжат ҳисобланадиган Конституция давр билан ҳамнафас ва уйғун равишда доимий такомиллашиб борадиган ҳужжатдир. Боиси, у доимо жамиятда бўлаётган ўзгаришларга ҳамоҳанг равишда бўлиши, янги тарихий даврга жавоб бериши ҳамда мамлакатдаги демократик ўзгаришларни давом эттиришга имконият яратади. Конституциямиздаги ўзгаришлар ва бу борадаги ислоҳотлар жамиятнинг барча қатламлари келишуви асосида амалга оширилади. Ушбу вазифани бажаришда нафақат ҳуқуқшунослар, депутатлар, сенаторлар, сиёсатшунослар, илм аҳли ва ижодкорлар, балки ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга. Бугунги шиддатли давр замонга мос ҳаракат ва ўзгаришларни талаб этмоқда. Ана шундай талабга жавоб берадиган мукаммал Конституцияга эга бўлиш учун Асосий қонунимизнинг янги лойиҳаси тайёрланди.
Биринчи ўқишда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Халқимиз янги ўзгаришларга бефарқ қарамай, ташаббус кўрсатиб, мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилмоқда, конституциявий янгиланишларни хайрихоҳлик ва якдиллик билан қўллаб-қувватламоқда. Мамлакатимизда тарихий аҳамиятга эга бўлган сиёсий жараёнлар айни қизғин паллага кирган бир пайтда юртимиз аҳолисининг фаоллиги анча ошгани яққол намоён бўлмоқда. Улар мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим бўлган таклифларни беришга ҳаракат қилишмоқда. «Менинг Конституциям» платформаси орқали, колл-марказ орқали, маҳаллалар орқали, маҳаллий депутатлик кенгашлари ҳамда электрон почта орқали жуда кўп таклифлар келиб тушган.
Боиси, мазкур ҳужжатда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида белгиланган кенг кўламли вазифалар, хусусан, адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар мужассам бўлган. Бош қомусимизга жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормалар киритилмоқда. Булар ҳар бир фуқаро турмушига файз, ободлик ва сифат олиб кириш учун қилинаётганини ҳамюртларимиз дилдан ҳис қилишяпти.
Мазкур қонун лойиҳаси Бош қомусимизнинг 60 дан зиёд моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш киритишни назарда тутмоқда. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда. Хусусан, пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг бошқа турлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги аниқ кўрсатилмоқда.
Бугунги кунда инсониятнинг табиатга зарарли таъсири натижасида кўплаб экологик муаммолар вужудга келган. Шунинг учун инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлари қаторига экологик ҳуқуқлари тўғрисида моддалар киритилишига аҳамият қаратилмоқда. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлиши Конституция билан белгиланмоқда. Қолаверса, никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги, тенг ҳуқуқлиликка асосланиши, болаларнинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши экани қайд этилган.
Конституциявий ўзгаришларда инсон манфаатларини таъминлаш масаласига муҳим аҳамият қаратилган. Жумладан, 261- ва 262-моддаларни қўшиш таклиф этилмоқда. Бу янги моддаларда қуйидагилар белгиланмоқда:
– Ҳар бир шахс адвокат ёрдамидан ўз танловига кўра ҳамда жиноят процессининг ҳар қандай босқичида фойдаланиш, шахс ушлаб турилганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
– Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, ўзига қарши кўрсатма берган гувоҳлар билан юзлаштирилиш, ўз фойдасига кўрсатма бераётган гувоҳларнинг чақиртирилиши ҳуқуқига эга.
– Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
– Ҳуқуқбузарликлардан ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишдан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга одил судловдан фойдалана олишини ва етказилган зарар компенсация қилинишини таъминлайди.
– Ҳар бир шахс давлат органларининг ёки улар мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.
– Ҳеч ким айни бир ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
– Ҳеч бир шахс содир этилган пайтда ҳуқуқбузарлик деб топилмаган қилмиш учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
– Қилмиш учун жазони истисно этадиган ёки енгиллаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга.
– Жавобгарликни белгилайдиган ёки оғирлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас.
– Ҳеч бир инсон расмий равишда эълон қилинмаган қонунга асосан ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.
Қолаверса, шижоатли ёшларни тарбиялаш ва Учинчи Ренессансга замин яратиш мақсадида мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, олий таълим ва фан соҳаларини ривожлантириш масалалари конституцион даражада мустаҳкамланаётгани янада қувонарли ҳолатдир.
Хусусан, 41-модданинг амалдаги таҳририда: «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир» дейилган. Бу модданинг янги таҳрири қуйидагича бўлиши таклиф этилмоқда:
– Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга.
– Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга кўмаклашади.
– Давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотларига ўқишга кириши учун мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлайди.
– Бепул умумий ўрта таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Умумий ўрта таълим мажбурийдир.
– Мактаб ишлари, мактабгача таълим ва тарбия давлат назоратида бўлади.
– Таълим бўйича алоҳида эҳтиёжларга ва индивидуал имкониятларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилади.
– Давлат истеъдодли ёшларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълимни давом эттиришини кафолатлайди.
– Давлатга қарашли, хусусий ва бошқа шаклдаги таълим муассасалари ҳамда ташкилотларини ривожлантириш учун давлат тенг шарт-шароитлар яратади.
– Педагог ходимларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг мақсади ҳамда масъулиятли вазифасидир.
– Педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, шунингдек, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилмайди.
Конституцияга қуйидаги мазмундаги 411-модда қўшилмоқда:
– Ҳар ким давлат таълим ташкилотларида танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақли.
– Олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари қонунда белгиланган доирада ўзини ўзи бошқариш, академик эркинлик, шунингдек, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга.
– Давлат илм-фанни ривожлантиришга, жаҳон илмий ҳамжамияти билан илмий алоқалар ўрнатишга кўмаклашади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, янгиланган Бош қомусимиз халқимиз томонидан берилган минглаб таклифлар асосида чинакам халқчил Конституцияга айланади. Мазкур ўзгаришларни хорижлик мутахассислар ҳам эътироф этмоқда. Конституция ва қонунларнинг устуворлиги ҳуқуқий демократик давлат ҳамда эркин фуқаролик жамияти қуришнинг энг асосий кафолати ҳисобланади. Мамлакатимизда Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади. Бу нафақат демократия, балки кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим шартидир.
Қонун устувор бўлган жамиятда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан чиқарилаётган ҳужжатлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари Конституция ва қонунларга мувофиқ бўлади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотнинг бош мақсади эса одамларни рози қилиш, улар эртага эмас, айнан бугун яхши яшашлари учун барча шароитни яратиб беришдан иборатдир.
Тошкент давлат юридик университитининг Ихтисослаштирилган
филиали кафедра мудири Шуҳратжон Шакиров