Қонун устуворлигини таъминлаш – муҳим вазифа
Бизга маълумки, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилда 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида қонун устуворлигини таъминлаш муҳим вазифа эканлигини қайд этиб ўтдилар.
Бунда айниқса, бугунги ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга – яъни, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ эканлигини таъкидладилар.
Ушбу Мурожаатномада юртбошимиз, суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш – энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарурлиги ҳамда дастлабки терговда давом этиб келаётган қонун бузилиш ҳолатларини фақат ва фақат судларнинг ҳақиқий мустақиллигига эришиш орқали бартараф этиш мумкин эканлиги ҳақида ҳам айтиб ўтдилар.
Юртбошимиз ўз фикрларини давом эттириб, «Бу борада қабул қилган қонуний чора-тадбирларимиз аниқ натижалар бера бошлади. Ушбу ижобий ўзгаришларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг судьялар мустақиллиги бўйича махсус вакили Диего Гарсия-Сайян жаноблари ҳам алоҳида эътироф этди», дея таъкидладилар.
Дарҳақиқат жорий йилда судлар фаолияти билан боғлиқ бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигининг гувоҳимиз. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.
Бу қарор эса, мамлакатимизда суд ҳокимиятини янада такомиллаштириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этишга хизмат қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорининг мақсади судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашдир.
Бундан ташқари, бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилишга доир масалаларни ҳал этишга қаратилган бўлиб, судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштиришга доир чора-тадбирларини амалга оширишдан иборат бўлди.
Мазкур қарор суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги
ПФ–6034-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида бир қанча вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги ПҚ–3250-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилганлиги қайд этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юртбошимиз Олий Мажлисга мурожаатномасида, «Ўтган 3 йилда 1 минг 989 нафар, 2019 йилнинг ўзида 59 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, 2019 йилда 3 минг 81 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 2 минг 623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилганлиги ва ўзгартирилганлиги бунда судьяларимизнинг адолатни ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида оқлов ҳукмларини чиқараётгани, ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг катта ютуғимиздир», деб айтиб ўтдилар.
Бундан ташқари қонун устуворлигини таъминлашда олдин қабул қилинган айрим қонунлар, кодекслар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаб даражасида эмаслиги ва уларни қайта кўриб чиқиб, қабул қилиш лозимлигини таъкидлаб ўтдилар.
Жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасига доир асосий қонун ва кодекслар бундан деярли 20-25 йил олдин қабул қилинган бўлиб, ҳозирги давр талабларига жавоб бермаслигини ва парламент яқин йилларда Фуқаролик, Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижро, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларни янгитдан қабул қилиши мақсадга мувофиқдир. Бу борада, аввало, тергов ва суд амалиётига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини назарда тутдилар.
Дарҳақиқат, қонун устуворлигини таъминлаш ўз навбатида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масаласи билан ҳам боғлиқлиги юртбошимизнинг мурожаатларида ўз аксини топди.
Яъни ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш зарур, бунда биз ички ишлар идоралари фаолиятини такомиллаштириш бўйича жиддий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. Бироқ, очиқ тан олиш керак, ушбу идоралар ҳали халқчил тузилмага, фуқароларнинг чинакам ҳимоячисига айлангани йўқ» дея ўз сўзларини давом эттирдилар.
Тизимда жамоат тартибини сақлаш, жиноятларга қарши курашиш ва давлат хизматларини кўрсатиш фаолиятига доир аниқ мезонлар белгиланмаган. Шу сабабли ислоҳотларни давом эттириб, ички ишлар идораларини одамларимизнинг оғирини енгил қиладиган тузилмага айлантириш зарурлигини яна бир бор такрорлаш ўринли, деб биламан деб таъкидладилар.
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда ҳамда тараққиётимизга ғов тўсиқ бўлаётган коррупция иллати ҳақида ҳам фикр билдириб ўтдилар.
Жумладан, “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак».
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, коррупцияга қарши курашиш масаласида бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар юртбошимиз томонидан қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6013-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-4761-сонли Қарорлари шулар жумласидандир.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг ушбу мурожаатларида бундай иллатни олдини олиш мақсадида, парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этиш;
Президент Администрацияси Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталари билан биргаликда уч ой муддатда тегишли фармон лойиҳасини ишлаб чиқиш каби вазифалар белгилаб олиниши айтиб ўтилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамият тараққиётига жиддий путур етказади. Қолаверса, фуқароларнинг ижтимоий адолат, ҳақиқат ҳамда давлат органларига бўлган ишончини йўқотади. Шунинг учун ҳам республикамизда мазкур иллатга қарши курашиш, унга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш йўлида қатъий ишлар олиб бориш лозим.
Cаломат Ниёзова,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга
қарши курашиш кафедраси профессор вазифасини
бажарувчи, ю.ф.д. (DSc),
Носир Ҳожиев,
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга
қарши курашиш кафедраси ўқитувчиси