Қонун устуворлиги – бош шиоримиз
“Ўзбекистон – 2030" стратегияси тўртинчи йўналиши “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар”деб номланган бўлиб, Конституция ва қонунларнинг устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш кўзда тутилган. Демак, қонун устуворлиги – бош шиоримиз.
Ушбу йўналишда озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш, қонунларимиз демократик ва либерал бўлишига эришиш, инсонни озодликдан маҳрум қилиш эмас, жазонинг муқобил турлари орқали уни тарбиялаш кўзда тутилмоқда.
Бунга асосан, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида икки баробарга ошириш бўйича ишлар жадаллаштирилиб, суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш ишлари бажарилмоқда. Судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш мақсадида ҳам судгача эшитув, келишув, медиация каби жамоатчилик институтлар фаолиятига катта эътибор берилмоқда.
Суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ҳар бир ҳудудий судларда расмий веб-сайтларнинг ишлаётгани, ҳар чоракда жамоатчилик ва ОАВ билан учрашувлар бу борадаги дадил қадамлар натижасидир.
Тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш учун адвокатлар ва жамоатчи ҳимоячилар ролини оширишга киришилган.
Шу билан бирга ҳали олдинда қилиниши лозим бўлган ишлар бир талай. Хусусан, суд тизимини бошқаришга судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини тўлақонли жорий этиш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари тизимини тўлиқ шакллантириш, Жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича 0,64 баллни тўплашга эришиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтириш керак.
Шунингдек, суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар тоифасининг камида 30 фоизини хусусий сектор ёрдамида ижро этишни йўлга қўйиш ҳам ҳал этилиши лозим бўлган муҳим вазифалардан биридир.
Зафар Бобонов,
Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди раиси