Қонун тарғиботига бағишланди
Жиззах шаҳридаги 29-сонли колонияда Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 27 сентябрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти юзасидан давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг раиси, прокурор, колония ходимлари ҳамда маҳкумлар иштирок этди. Адолатни қарор топтириш мақсадида мамлакатимизда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда миллий қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида, ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижаларига кўра суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилаётгани, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилгани ҳақида батафсил маълумот берилди.
[gallery-14155]
– Судларда ишнинг ҳажми кескин ортганлиги ишларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш имкониятининг чекланганига сабаб бўлиб, бу фуқароларнинг ўринли эътирозлари кўпайишига асос бўлмоқда, – дейди жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди раиси Ғиёсиддин Ялгашев. – Узил-кесил қарор қабул қилишда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини уч босқичли тизим воситасида текширишнинг имкони қисман камайгани сабаб мазкур тизимни ўрта бўғиннинг вилоят судлари имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали такомиллаштириш зарурлигидан далолат бермоқда. Эндиликда судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилаётгани, тарафларнинг хоҳишига кўра, суд қарори устидан ўн кунлик муддатда апелляция тартибида шикоят (протест) берилиши, ушбу муддат ўтгандан сўнг кассация тартибида шикоят келтирилиши мумкин.
Очиқ мулоқот якунида 29-сонли манзил колониясида муддатини ўтаётган маҳкум ва маҳкумаларнинг мавзуга оид саволларига батафсил жавоб берилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА.