Қонун лойиҳаси муҳокамада
Термиз шаҳри ва Термиз туманида «Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳасига бағишланган давра суҳбатлари ўтказилди.
Мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича тузилган ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ўтказилган тадбирларда сўнгги йилларда мамлакатимизда органлар трансплантациясига алоҳида эътибор қаратилаётгани ва ҳуқуқий-ташкилий асослари яратилаётгани хусусида сўз юритилди. Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.
Қайд этилдики, айни пайтда мамлакатимизда органлар ва тўқималар трансплантациясига эҳтиёж сезиб турганлар кўпчиликни ташкил этади. Сайёрамизнинг кўплаб давлатларида буйрак, жигар, юрак, ўпка каби органлар трансплантацияси амалга оширилиб, беморлар ҳаёти сақлаб қолинмоқда. Шу боис айрим беморлар катта маблағ эвазига хорижда ушбу жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлаётган эди. Бироқ, бунга муҳтож барча беморларда имконият ва маблағ етарли эмаслиги ҳам сир эмас. Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилаётган юксак эътибор трансплантация амалиётини мамлакатимиз шифохоналарида ўтказиш учун кенг имконият яратди. «Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида»ги қонун юртимизда юзага келган эҳтиёж ўрганилган ҳолда бу амалиётни ҳуқуқий тартибга солиш учун ишлаб чиқилди.
Мутахассислардан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда Сурхондарё вилоятида 106 бемор буйрак трансплантацияси амалиётига муҳтож. Шунингдек, жигар трансплантацияси амалиётига эҳтиёж сезаётганлар ҳам бундан кам эмас.
Тадбирларда тажрибали мутахассислар, экспертлар ва соҳа ходимлари қонун лойиҳасидаги нормалар ҳамда киритилаётган янгиликларни тушунтирди. Иштирокчиларнинг таклиф ва тавсиялари тингланди. Трансплантология соҳасини ривожлантириш масалалари юзасидан сўровномалар ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳнинг вилоят туманларида «Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА