Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
Андижонда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши ташаббуси билан Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ташкил этилган тадбирда партия туман, шаҳар кенгашлари раислари, фаоллари, депутатлар, институт профессор-ўқитувчилари, талаба - ёшлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимиз қонунчилигига киритилаётган ўзгаришларга “Адолат” СДП аъзолари бефарқ эмаслиги, қонун лойиҳалари муҳокамаларида фаол қатнашаётганлиги, хусусан, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам ўрганилиб, атрофлича муҳокама этилаётганлиги таъкидланди.
Дастлаб иштирокчилар қонун лойиҳаси билан батафсил таништирилди. Шундан сўнг мутахассислар, партия фаолларининг қонун лойиҳасига доир фикр ва мулоҳазалари тингланди.

– Амалдаги қонунчиликка кўра, боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилгани, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар болаларни биринчи навбатда зўравонликдан ҳимоя қилиши, агар бунинг имкони бўлмаса, зудлик билан ваколатли органларга мурожаат қилиши лозим, – дейди “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари Малоҳат Мусаева. – Аслида болаларга нисбатан қилинаётган зўравонликка бепарволик ёки бефарқлик ҳам болаларга нисбатан зўравонлик ҳисобланади. Муҳокама қўйилган қонун лойиҳасида бу борадаги ҳаракатлар тартибга солинмоқда, қонуний жиҳатдан баҳоланиши кўзда тутилмоқда. Бу энг аввало, жамоатчилик эътиборини, масъулиятни янада оширишга, болаларнинг қонуний ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.
Савол-жавоблар асосида ўтган тадбир давомида иштирокчилар томонидан қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритилди.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари