Қонун ижроси таъминланмоқда
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига беш ой муддат бўлди.
Қонунда белгиланган механизм асосида кўчмас мулк ва ундаги ер майдонларига нисбатан мулк ҳуқуқини белгилаш орқали фуқароларнинг кўп йиллик муаммолари ҳал қилинмоқда.
Қонун ижроси юзасидан режа-жадвал асосида босқичма-босқич Бухоро вилоятидаги барча 544 та маҳаллада хатлов ишлари амалга оширилиб келинмоқда.
[gallery-22706]
Ҳозирга қадар кадастр органлари томонидан вилоятда жами 3 242 та кўчмас мулк объектининг электрон йиғмажилдлари “E’TIROF” ААТга киритилган, шундан, 2 780 таси муҳокама жараёнида, 387 таси бўйича муҳокама жараёни якунланган.
Хусусан, фуқароларнинг ер майдонлари ва унда жойлашган бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича республикада биринчи бўлиб Жондор туманидан 5 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси ҳамда унда қурилган якка тартибдаги уй-жойларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича Халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгашининг қарори қабул қилинди.
Ушбу қонуннинг амал қилиш муддати 2028 йил 1 январга қадар эканлигини инобатга олиб, адлия органлари қонун ижросини доимий назоратга олган ҳамда кадастр идоралари томонидан вилоятнинг барча ҳудудларида режа-график асосида хатлов жараёнлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари