Онкогематологик касалликка чалинган, оғир асорат билан тез тиббий ёрдам марказларига ётқизилган бемор учун қон препаратлари сув ва ҳаводек зарур. Ушбу маҳсулотлар захираси эса бевосита беғараз қон топширувчи қон донорлари ёрдами билан тўлдирилади.
Сирдарёда қон донорларига хизмат қиладиган вилоят қон қуйиш станцияси эса бундан 50 йиллар муқаддам қурилган бўлиб, қайта реконструкция қилинган ва таъмирланган бўлса-да, бугунги кун талабига жавоб бермай қолганди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу тизим ишини ташкил этиш, қон донорлари ва уларга хизмат кўрсатувчи соҳа ходимлари учун муносиб шарт-шароит яратиш тўғрисида берган топшириқлари туфайли Сирдарё вилоят қон қуйиш станцияси эски биноси ўрнида янги замонавий марказ биносини қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Инвестиция дастури доирасида бошланган қурилиш -реконструкция ишларининг умумий лойиҳа қиймати қарийб 9.5 миллиард сўм бўлиб, ушбу юмушни Гулистон шаҳридаги "Абдумалик файз қурилиш" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари амалга оширмоқда.
Қурилиш ишларига кетадиган темир- бетон ва бошқа маҳсулотлар четдан эмас, юртимиздаги қурилиш индустрияси корхоналаридан келтирилмоқда.
Мазкур бинода амалга оширилаётган қурилиш- реконструкция ишлари ниҳоясига етгач, қон донорлари ва уларга хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимлари учун муносиб шарт-шароит яратилади. Бу эса ўз-ўзидан Сирдарёда қон донорлиги ишининг яхши йўлга қўйилиши, қон препаратларига муҳтож беморлар учун қон захираларини кўпроқ яратиш имконини беради.
Ғулом Примов,
ЎзА