Қўмондонлик-штаб ўқув машқи юксак савияда ўтди
Сурхондарё вилоятида 28-30 октябрь кунлари ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқлари бўлиб ўтди.
Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари, полковник Н. Кадиров назорати остида олиб борилган тадбирнинг дастлабки куни мутасадди раҳбарлар ва масъул хизматлар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Вилоят механизациялашган йиғма командасининг куч ва воситалари саф кўригидан ўтказилиб, уларнинг фавқулодда вазиятларда белгиланган вазифаларни бажаришга шайлиги кўздан кечирилди.

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиб, уларнинг оқибатларини бартараф этиш ва тегишли куч ҳамда воситаларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришга қаратилган ўқув машқлари доирасида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ва Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари, полковник Н. Кадиров машғулотларнинг натижаларини муҳокама этди.

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, куч ва воситаларнинг шайлигини ошириш, шунингдек, куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонларида ис газидан заҳарланиш ва ёнғинларнинг олдини олиш бўйича масъулларга зарур топшириқлар берилди.

Воҳада уйма-уй юриш орқали кучайтирилган тартибда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича профилактик тадбирлар олиб борилди. Туманларда ўқув машғулотлари ташкил этилди.

Вилоятнинг Бойсун туманида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқлари Дарбанд маҳалласи ҳудудидаги темир йўл станциясида ҳам ўтказилди.

Унда темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш поездларида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, бундай ҳолатларда тезкор ҳаракат қилиш, йўловчилар ва ходимлар хавфсизлигини таъминлаб, эҳтимолий оқибатларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар амалга оширилди.

Тегишли хизматларнинг ўзаро ҳамкорлиги, фавқулодда вазиятларда куч ва воситаларни сафарбар этиш, қутқарув ишларини ташкиллаштириб, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишда тайёргарлик жараёнлари кўздан кечирилди.

Шўрчи туманида махсус-тактик ўқув машғулотлари чоғида шартли зилзила оқибатларини бартараф этиш, жабрланганларни вайроналар остидан қидириш, уларга зарур ёрдам кўрсатиб, фавқулодда вазиятлар хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш вазифалари бажарилди. Қутқарувчиларнинг тезкорлиги, ҳамжиҳатлиги, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмалари синаб кўрилди.

Ангор туманидаги машғулотларда зилзила натижасида шартли равишда кўприкнинг бир қисми емирилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиши ҳолати яратилди. Бу вазиятда фуқароларни қутқариш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, кўприкнинг шикастланган қисмини тиклаб, транспортлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур амалий ҳаракатлар бажарилди.

Машғулот чоғида объект мутасаддилари ва туман фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматларининг ўзаро ҳамкорлиги, куч ва воситаларнинг шайлиги, фавқулодда вазиятларда тезкор ва мувофиқлашган ҳаракат қилиш тартиби синовдан ўтди.

Вилоятнинг турли ҳудудларида ўтказилган ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб ўқув машқлари хавфсизликни таъминлаб, фавқулодда ҳолатларга нисбатан хизматлар шайлигини ошириш ва аҳоли ҳаётини муҳофаза қилишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири