Қўмондон ёшлар билан учрашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамини муносиб нишонлаш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб жорий этилган “Ватанпарварлик ойилиги” доирасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳод Шерматов Нукус шаҳрида жойлашган Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби ўқувчилари билан учрашди.
Тадбир аввалида қўмондон ёшлар билан бирга Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсуповнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириб, мактаб олдида ўрнатилган бюсти пойига гул қўйди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда бунёд этилган ушбу мактаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов номини абадийлаштириш, унинг издошларини кашф этиш ва истеъдодини кенг намоён қилиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида очилган. 239 нафар ўқувчига мўлжалланган мактабда ўқувчиларга қорақалпоқ тили фани ва адабиёти чуқур ўргатилади.
[gallery-5239]
“Қўмондон ва ёшлар” учрашувида ёшлар миллий армиямиз, мудофаа салоҳиятимиз, ҳарбий хизматчилар томонидан қўлга киритилаётган улкан ютуқ ва марралар ҳақида қўмондондан батафсил маълумот олди.
Ҳарбий округ раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда Мудофаа вазирлиги қўшинларидаги жанговар тайёргарлик хусусида сўз юритиб, ўқув-жанговар машғулотлар мураккаблаштирилаётгани, топшириқларни тунги шароитда, нотаниш полигон ва ҳудудларда бажариш имкониятлари оширилгани, тактик ҳаракатларнинг янги усул ва услублари амалиётга самарали жорий этилаётганини эътироф этди. Халқаро ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик доирасида йўлга қўйилган ҳар томонлама алоқалар натижасида нуфузли ҳарбий академиялар ва марказлар мутахассислари билан тажрибалар алмашилаётгани, ривожланган мамлакатлар мудофаа академиялари, стратегик тадқиқотлар марказлари билан алоқалар мустаҳкамланаётганини алоҳида таъкидлади.
Самимий руҳда ўтган учрашув давомида қўмондон ёшларни улкан марралар сари руҳлантириб, ҳар бир инсоннинг ўз улкан орзу ва мақсади бўлиши кераклигини, унга эришиш учун ўқиб-изланиб, меҳнат қилиш зарурлигини уқтирди, панду-насиҳатлар берди. Эзгу мақсадларга эришишнинг оддий сирлари ҳақида ўртоқлашиб, ёшларни қизиқтирган саволларига жавоб берди.
Учрашувда фаол иштирок этган ёшлар ва мактаб жамоасига ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда бадиий адабиётлар тўпламлари тақдим этилди.
Меҳмонлар мактабда ўқувчиларнинг сифатли ва жаҳон стандартларига мос тарзда таълим-тарбия олиши, ижод билан шуғулланиши, яшаши, овқатланиши ҳамда спорт билан шуғулланиши учун яратилган кенг имконият ва қулайликлар ҳамда мактаб фондидаги И.Юсупов ҳаёти ва ижодига оид кичик музей фонди билан танишди.
Нукус гарнизони ҳарбий оркестри ҳамда фахрий қоровул взводи томонидан намойиш этилган байрамона концерт дастури барчага кўтаринки кайфият бахш этди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА