Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактабида “Қўмондон ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ёшлар билан ишлашнинг ўзига хос тизими шаклланган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар уч тоифага ажратилган, эндиликда улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида иш олиб борилмоқда. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар вазир, вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, ректорлар, миллий гвардия ҳамда ҳарбий қисм командирларига номма-ном бириктирилганлиги, улар томонидан ўтказилаётган маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирлари мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширмоқда.
[gallery-19184]
Жалақудуқ туманидаги “Қўмондон ва ёшлар учрашуви” доирасидаги тадбирлар, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал майор Ойбек Саидовнинг ёшлар билан мулоқоти ана шу йўналишдаги тадбирлардан бири бўлди.
“Қўмондон ва ёшлар” учрашуви аввалида туманнинг асосий кўчалари бўйлаб ҳарбий хизматчилар ва ёшларнинг ватанпарварлик карвони саф юришлари ўтказилди.
Туманнинг чекка, чегара ҳудудида жойлашган 2-сон касб-ҳунар мактабида меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Шарқий ҳарбий округ қўмондонининг ёшлар билан учрашуви мазмунли ва қизиқарли ўтди.
Учрашувда Шарқий ҳарбий округ қўмондони мамлакатимизда ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, ёшларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
Ёшларни ватанпарвар, юртига, халқига муносиб хизмат қиладиган фидойи ва собитқадам бўлишга чақирди.
Шунингдек, қўмондон учрашув давомида жалақудуқлик ёшлар эришаётган ютуқлар билан танишди, уларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини эшитди, ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди. Айниқса, ҳарбий касбни эгаллаш, Қуролли Кучлар тизимидаги ислоҳотлар ҳақида кенг маълумотлар берди. Фаолиятининг ўзига хос, ибратли жиҳатлари хусусида гапирди.
Мулоқотда қўмондон бир гуруҳ фаол ёшларга ўзининг эсдалик совғаларини топширди.
Тадбирдан сўнг намойиш этилган қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбий оркестр жамоаси ва ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари