
Самарқанд шаҳрида солиқ қўмитаси раиси ўринбосари А.Файзибоев вилоятда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар, солиқ ставкалари ва имтиёзлари хусусида тадбиркорларга батафсил маълумот берилди. Шунингдек, тадбиркорлар фаолиятида дуч келаётган муаммолари, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш борасидаги таклифларини билдирди.
Хусусан, “Зарафшон текстил” масъулияти чекланган жамияти бош ҳисобчиси Д. Аббосова контрагеннинг қўшимча қиймат солиғидан солиқ қарзи мавжуд, унинг ҳисобрақамида ортиқча ҳосил бўлган ҚҚСни қайтариш тўғрисидаги аризаси солиқ органлари томонидан рад этилиши ҳолатлари ҳақида мурожаат қилди.
[gallery-23378]
Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “МОХСАР” қўшма корхонаси раҳбари Ш.Шамсиев юборилган ҳисоботлар асосида вужудга келган солиқ қарздорлигига такрорий инкассо қўйилиши ҳолати кўп учраётганлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлар электрон ҳисоботларни тўлдиришда дастурдаги камчиликлар сабаб баъзи хатоликлар юзага келаётганлигини, шунингдек, айрим ҳисобот шаклларини қайта кўриб чиқиш зарурати борлигини маълум қилишди.
Учрашувда тадбиркорлик субъектлари вакиллари солиқ тизимини такомиллаштириш юзасидан ҳам бир қатор таклифларни билдиришди. Жумладан, солиқ қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари кузатилганда қўлланиладиган маъмурий жазо чораларини табақалаштирилган ҳолда ташкил этиш таклифи кўпчилик иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.
Мулоқот давомида билдирилган ҳар бир мурожаат ечими бўйича аниқ ижрочилар белгиланди. Баъзи мурожаатларга шу жойнинг ўзида солиқ базасига уланиб ечим топилган бўлса, республика даражасидаги масалалар бўйича тезкор чора-тадбир тузилиб, ечими солиқ қўмитаси раиси ўринбосари томонидан назоратга олинди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари