Қўлбола газ ускуналаридан фойдаланманг!
ФОТОРЕПОРТАЖ
Совуқ кунлар бошланиши билан аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжи икки ҳиссага ортади. Бу даврда фуқаролар томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш, қўлбола газ жиҳозларидан фойдаланиш ҳолатлари кўпаяди. Бу эса, ўз навбатида, бахтсиз ҳодисаларни келтириб чиқариши мумкин.
Талофатларнинг олдини олишда уй ичи газ жиҳозларининг созлиги ва давлат стандартларига мослигига эътибор қаратиш, қўлбола газ ускуналаридан фойдаланмаслик мақсадга мувофиқдир.
[gallery-9170]
Сурхондарё вилоятининг барча туманларида “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалининг уй ичи хизмати ходимлари томонидан режа-график асосида аҳоли хонадонларидаги газ ускуналарига техник хизматлар кўрсатиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, газ таъминоти ташкилоти томонидан тасдиқлаган жадваллар ва тарифлар бўйича истеъмолчиларнинг ички газ тармоқлари ва “зангори олов”дан фойдаланиш ускуналарига профилактик хизмат кўрсатилмоқда. Бунда, кўп қаватли турар жойлардаги газ плиталар, бошқа газ ускуналари мавжуд бўлмаганда икки йилда бир марта, турар жойлардаги газ плиталари, иситиш, сув иситиш ускуналари, йилда бир марта ва ҳар бир иситиш мавсуми бошланишидан аввал мутахассис кўригидан ўтказиш мажбурий этиб белгиланган. Бу газ тармоқларида учрайдиган турли авариялар ва кўнгилсиз талофатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА