Қўл жанги мусобақаси Мустақиллик байрамига бағишланди
Шу кунларда юртимиз бўйлаб “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” шиори остида турли маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Миллий гвардиясининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси, Қўқон шаҳри ҳокимлиги, Қўл жанги федерацияси ҳамда “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳамкорлигида ўтказилди.

Мусобақа 700 нафарга яқин спортчини бир майдонга бирлаштирди. Унда нафақат ҳаваскорлар, балки республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда иштирок этган тажрибали спортчилар ҳам куч синашди. Бу эса ёш иштирокчилар учун ўз маҳоратларини ошириш, кучли рақиблар билан беллашиш ва тажриба орттириш имконини берди.

— Мазкур мусобақада спортчиларимиз ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, тезкорлиги ва иродасини намоён этди. Айниқса, ёшларнинг қўл жангига қизиқиши ортиб бораётгани қувонарли. Бундай мусобақалар уларга нафақат ўз кучини синаб кўриш, балки тажрибали спортчилардан ўрнак олиш имконини ҳам беради. Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган бу беллашув ёшларимиз учун катта рағбат бўлди. Ишонамизки, улар орасидан келажакда республика ва халқаро майдонларда юртимиз байроғини баланд кўтарадиган чемпионлар етишиб чиқади, – дейди мураббий Отабек Шокиров.
Беллашувларда Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарлари, Қува, Риштон, Бағдод, Бешариқ, Фурқат, Ўзбекистон ҳамда Фарғона туманларидан келган спортчилар иштирок этди. Ҳар бир баҳсда куч, тезлик ва аниқ ҳаракатлар уйғунлиги намоён бўлди. Спортчиларнинг ҳар бир зарбаси, ҳар бир ҳаракати мухлислар олқиши билан қарши олинди.
Айниқса, 18–23 ёш тоифасида баҳс олиб борган Сардор Мансуров, Жаҳонгир Ғуломов, Зоҳид Сойибжонов, қизлар ўртасида Райҳона Ҳакимова, Шоҳсанам Мансурова ва Гулсим Муҳаммаджонованинг фаол иштироки эътиборга тушди. Улар муносиб жанг олиб бориб, ғолиблик шоҳсупасидан жой олишга муваффақ бўлди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Қўл жанги спорт турини оммалаштириш, уни ривожлантириш ва ёшлар ўртасида тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшаётган фаоллар ҳам махсус мукофотларга сазовор бўлди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА