Қоҳир Расулзода: 2030 йилгача товар айирбошлаш ҳажмини икки миллиард долларга етказамиз(+видео)
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстона муносабатлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилиб, ўзаро ҳурмат, стратегик шериклик тамойиллари асосида изчил ривожланиб бормоқда. Айниқса, олий даражадаги мулоқотлар ва ўзаро давлат ташрифлари икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Мазкур ташриф доирасида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинмоқда. Жумладан, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода ташриф аҳамияти ҳамда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Икки томонлама алоқаларимиз самарали ривожланмоқда. Биз муносабатларимизнинг янги босқичи остонасида турибмиз. Товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард долларга етиб, ўсиш суръатлари 30 фоизни ташкил этди. Давлат раҳбарлари олдимизга 2030 йилгача товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйдилар. Ҳар икки мамлакат ушбу мақсадга эришиш учун зарур салоҳиятга эга, – деди Бош вазир.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг давлат ташрифи олдидан ишчи гуруҳи шакллантирилди, кўплаб лойиҳалар келишилди. Бугун умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлган 135 га яқин йирик лойиҳа имзоланиши кутилмоқда. Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича тегишли қўшма ҳаракатлар дастури келишилди, бу борада алоҳида эътибор тўқимачилик тармоғи хамда энергетика соҳасига каратилади.
Маълумки, икки мамлакат етакчилари иккита ГЭС қуриш бўйича ҳам вазифа қўйган булиб, ҳозирги вақтда техник-иқтисодий асослар тайёрланмоқда, инвесторлар билан музокаралар ўтказиляпти.
Бугун Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Бу янги формат икки томонлама муносабатларни иттифоқчилик даражасига олиб чиқишнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилади.
Ҳукуматлараро комиссиялар самарали ишламоқда, барча муҳокама қилинаётган масалалар конструктив мулоқот асосида ва ҳар икки томон манфаатларини инобатга олган ҳолда ижобий ҳал этилмоқда.
Агар илгари Ўзбекистон – Тожикистон чегарасини ҳар куни қарийб 3 минг киши ва 300 га яқин юк автомобили кесиб ўтган бўлса, бугун давлатларимиз раҳбарларининг оқилона сиёсий иродаси туфайли бу кўрсаткичлар тегишлича 3 миллион киши ва 300 минг юк автомобилини ташкил этмоқда.
Албатта, эришилган натижалар катта аҳамиятга эга. Бироқ биз бу билан чекланиб қолмаймиз. Қўйилган вазифаларни тўлиқ амалга ошириш – асосий мақсадимиздир.
Ташриф давом этмоқда. ЎзА тармоқларини кузатиб боринг.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/aWwg42-MZCc?si=MA-maB1PNFO7sBHU" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА