Қўғирчоқ театри жамоасининг болаларга туҳфаси
Улуғ шоир, шоҳ ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан Андижон вилояти қўғирчоқ театри жамоаси томонидан “Шерюрак ёки Бобур ҳақида қисса” деб номланган спектакль намойиш этилмоқда.
Театрнинг бадиий раҳбари Мансурбек Рўзиев сценарийси асосида режиссёр Дилмурод Шайхов томонидан саҳналаштирилган спектакль тарихий фактларга асосланган ҳолда, ёш томошабинларга мос, эртак тарзида саҳналаштирилган. Унда Бобур Мирзонинг туғилиш онларидан тахтга ўтиргунича бўлган жараёнлар қизиқарли воқеалар асосида намойиш этилади.
Тарихий жанрда саҳналаштирилган, қизиқарли воқеалар акс эттирилган ушбу спектакль буюк бобомиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалиги ҳақида ҳикоя қилади. Бобурнинг туғилиши билан ёвуз ниятли кимсалар – Абу Жохил ва хизматкорининг тинчи йўқолади. Чақалоқ ноёб қобилият билан дунёга келади. Унинг ана шу қобилиятидан ёвуз кимсалар ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга қарор қилиб, бола 10 ёшга тўлганда ўғирлаб кетишади. Зеҳнли, заковатли, мард ва жасур Бобур ёвуз кимсалар қўлидан ўз билими, ақл ва заковати туфайли халос бўлади.
[gallery-1171]
Спектакль жажжи томошабинлар қалбида ватанпарварлик, одиллик, тўғрисўзлик, жасур ва мардлик туйғуларини мустаҳкамлашга, яхшилик доимо ёмонлик устидан ғалаба қозонишига ишончни мустаҳкамлайди.
Спектаклда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижоди - рубоий ва ғазаллардан кенг фойдаланилган.
Театр жамоасининг улуғ шоир таваллудининг 538 йиллигига туҳфаси бўлган ҳамда февралнинг охирига қадар намойиш этиладиган мазкур спектакль болажонларда унутилмас таассуротлар қолдирмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА