Қодирийга муносиблик масъулияти
Пойтахтимиздаги Абдулла Қодирий мемориал музейида "Ўткан кунлар ёди" деб номланган адабий- бадиий кеча бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги, Абдулла Қодирий мемориал музейи, Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент вилояти "Турон" ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистон Бадиий академия раиси Акмал Нуриддинов, таниқли адабиётшунос олим Баҳодир Каримов, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев ва бошқалар Абдулла Қодирий шахсияти ғоят мураккаб экани, унга муносиблик ижодкорларга ҳам, ёшлару китобхонларга катта масъулият юклашини таъкидлади. Бундай тадбирлар китобхонлар сафини оширади, ёшларнинг маърифатпарвар боболаримизга бўлган ҳурмати ва эҳтиромини кучайтиради.

– Абдулла Қодирий сиймосини яратиш ижодкорга жуда катта масъулият юклайди, – деди Бадиий академия раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов. – Назаримда, адиб шахсиятини ўрганиш ижодкордан қайсидир маънода ўзлигидан ҳам кечишни, ўша даврнинг оғир ва ўта мураккаб муҳитини теран англашни, буни юракдан ўтказишни талаб этади. Биз кўпинча аждодларимиз билан фахрланиш билан чекланамиз, холос. Лекин "Уларга нечоғли муносибмиз?" деган фикрнинг устида ҳам жиддий мулоҳаза, мушоҳада юритмоқлик муҳимдир.
– Ўзбек адабиётида кўплаб асарлар бор, – деди адабиётшунос олим Баҳодир Каримов. – Лекин, назаримда, "Ўткан кунлар" романи яратилган даврида ҳам, ҳозир ҳам биринчи рақамли асардир. Адабиётда қодирийшунослик деган йўналиш пайдо бўлди. Негаки, Абдулла Қодирий ижоди чексиз уммонга ўхшайди. Уни тинимсиз ўрганиш керак, деб ўйлайман.

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча мактаблари, олий ўқув юртларида, ҳарбий қисмларда қодирийхонлик тадбирлари, адабий анжуманлар, давра суҳбатлари, мулоқотлар қизғин руҳда бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда пойтахтимиздаги театр жамоалари, таълим масканларининг ўқувчилари иштирокида Абдулла Қодирий асарларидан лавҳалар намойиш этилди. Таниқли театр рассоми Бахтиёр Тўраевнинг атоқли адибнинг "Ўткан кунлар" романи лавҳалари асосидаги "Ўткан кунлар ёди" номли тасвирий-мусиқий композицияси намойиш этилди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти иқтидорли талабалари ўртасида ўтказилган "Абдулла Қодирийнинг ибратли издошлари" номли кўрик-танлов ғолиблари сертификат ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Назокат Усмонова, ЎзА