Қодирий ижодига бағишланган кўргазма
Тошкент Фотосуратлар уйида «Абдулла Қодирийнинг ибратли издошлари» номли кўрик-танлов иштирокчиларининг кўргазмаси очилди.
Мазкур кўргазма Бадиий академия, Туризм ва спорт вазирлигининг Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Абдулла Қодирий мемориал музейи каби ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Кўргазманинг очилишида мамлакатимизда улуғ маърифатпарвар боболаримизнинг ҳаёти, фаолияти, ижодини ўрганиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Абдулла Қодирий асарлари миллий маънавиятимиз, ўзбекона одоб-ахлоқнинг, гўзал ва бетакрор она тилимизнинг ўзига хос рамзига айланган.
«Абдулла Қодирийнинг ибратли издошлари» номли кўрик-танловда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари фаол иштирок этди. Улар томонидан ишланган тасвирий асарларда Абдулла Қодирий сиймоси, унинг асарларида гавдаланган қаҳрамонларнинг образлари таъсирчан тарзда акс эттирилган.
Кўрик-танловда ижодий иши энг яхши деб топилган ёш рассомлар тақдирланди.
Н.Усмонова, ЎзА