
Таниқли ўзбек адиби ва драматурги Қўчқор Норқобилнинг "Соянгга ҳам сир айтма" ("Уйдаги гап кўчада") комедияси Доғистон Республикаси маданият вазирлиги давлат буюртмасига асосан Дарбент — Озарбайжон Давлат драма театрида намойиш этилади.
Маълум қилинишича, шу кунларда мазкур асар репетицияси якунига етмоқда.
Комедия премьераси шу йилнинг 22 июнь куни бўлиб ўтади.
Даврнинг долзарб мавзуси акс этган саҳна асарида одамзоднинг интернет ва турли ижтимоий тармоқлар, айниқса, телефонга батамом боғланиб ўзидан узоқлашаётгани, энг муҳими, нозик туйғу ва инсоний ҳиссиётлардан ҳам мосуво бўла бошлагани ҳаётий воқеийликлар асосида таъсирчан ифодаланган.

– Асарнинг рус тилидаги нусхаси билан танишиб чиққач, айни ҳаётимизнинг оғриқли жиҳати, Кавказ халқларининг ҳам турмуш тарзи, бутун инсоният ҳаётига тегишли хавотирли масала қаламга олинганини ҳис этдик. Аччиқ кулги остида тасвирланган воқеийликлар замирида инсонни ҳушёрликка ундовчи безовталик, аламли ҳайқириқ сезилиб туради. Қисқаси, асарда бугун дунёни одамийлик ва маънавият қутқариши ҳақида бонг урилган,– дейди театр бош директори, Доғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Фирдоуси Аскеров.
– Комедия кўпмиллатли Доғистон республикасида озарбайжон тилида, русча субтитр (изоҳматн) орқали намойиш қилинади. Спектакль оммани ўзига жалб этишига ишонамиз. Чунки, унда бугунги кун одамлари, жумладан, доғистонлик томошабинлар ҳам ўзини кўради, – дейди театр бош режиссёри, Озарбайжон Республикасида хизмат кўрсатган артист Сарвар Алиев. – Қувонарли томони, асарни саҳналаштириш учун ўзбекистонлик режиссёр Фарҳод Бойназоровни таклиф қилганмиз. Халқларимиз орасида маданий алоқалар ривожида ушбу асар намойиши муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

Комедияда ролларни Доғистон республикасида хизмат кўрсатган артистлар — Магеррам Омаров, Ёқут Хандадашова, Роҳила Омарова, Шукуфа Меликова, Моҳир Меликов ҳамда яна бир нечта маҳоратли актёрлар ижро этишади.
Саҳнавий безак ишлари Доғистон Республикасида хизмат кўрсатган рассом Демир Исаков томонидан амалга оширилган.
Албатта, юртдошимиз қаламига мансуб асарнинг ўзга юрт театри саҳнасига ҳам муносиб кўрилиши ўзбек адабиёти ва санъатининг фахрланишга арзийдиган ютуғидир.
Умиджон Қурбонов тайёрлади, ЎзА