Қочоқлар, ўлим ҳолати, ярадорлар...
Россия-Украина
Украина инқирози натижасида халок бўлган фуқаролар сони 9 200 дан ошди. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари Дикарло баёнот берди. Унинг қайд этишича, 500 кун давомида 9 287 фуқаро, шу жумладан 537 бола вафот этган. 16 384 киши, шундан 1 117 нафар бола яраланган.
Гап тасдиқланган ҳолатлар ҳақида кетяпти, ўлим сони кўп бўлиши ҳам мумкин.
Дикарлонинг сўзларига кўра, 6,3 миллион украиналик қочоқ қайд этилган, 5,1 миллион киши мамлакат ичкарисида қочоқ ҳолига тушган.
Зиддият иштирокчилари бир-бири томон қадам ташлаши лозим, халқаро ҳамжамият эса биргаликда тинчлик музокараси учун қулай шароит яратиши керак. Бу ҳақда Хитойнинг БМТДаги доимий вакили ўринбосари Гэн Шуан баёнот берди.
– Украина масаласини ҳарбий куч ишлатиш билан ҳал этиб бўлмайди, инқироз давом этиши тинч аҳоли ташвиши ошишига олиб келади, – деди у. – Можаро қанча давом этса ҳам, охир-оқибат сиёсий воситалар орқали ҳал этилади. Музокарани тўла қўллаб-қувватловчи аниқ, адолатли таклифлар кўплаб келиб тушмоқда.
Қўшма Штатлар Киевга етказиб берилаётган қурол-аслаҳа Украина зиддияти чўзилишига олиб келади, деб ҳисобламайди. Бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд маълум қилди.
– Биз гуманитар ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ёрдам бериб келдик ва бундан кейин ҳам шу ишни давом эттирамиз, – деди у. – АҚШ ва 50дан зиёд бошқа давлатлар етказиб бераётган қурол-аслаҳа Украина ўзини ҳимоя қилишига қаратилган.
Бугун, 18 июль куни АҚШ Презденти Жо Байден ва Ватикан Папаси вакили, кардинал Маттео Зуппи Украина мавзуси, жумладан, инқироз ҳудудидан болаларнинг Россияга кўчирилгани масаласини муҳокама қилади.
Европа кенгаши раиси Шарль Мишель Украина Президенти Владимир Зеленскийни ЕИ – Лотин Америкаси ва Кариб давлатлари ҳамжамияти самммитига таклиф қилмаслик қарорини маълум қилди. Бу ҳақда Испаниянинг “La Vanguardia” нашри маълум қилди.
Газета қайд этишича, Украина етакчиси Брюсселда ўтадиган йиғилишда қатнашишни ўзи сўраган. Саммит қатнашчилари Украина инқирозини ҳал этиш йўлларини ахтаришади.
Австралиянинг Дикин университети профессори, халқаро алоқалар соҳаси эксперти Скотт Бёрчилл фикрича, НАТОнинг Россияга қарши прокси уруши фақат Вашингтон манфаатига хизмат қилади, аммо инқирознинг ташвиши Ғарбга эмас, халққа, армияга тушади.
“Зеленскийнинг хатоси ўз рекламасига ишониб, Ғарб дунёсини синовдан ўтказиши”, деди у.
Озарбайжон Украинага 7,6 миллион долларлик гуманитар ёрдам маблағи ажратади. Хабарда айтилишича, Озарбайжон инсонпарварлик тамойили асосида кўплаб давлатларга шундай ёрдам кўрсатиб келади.
Украина ҳукумати Олий Радага одам, инсон органлари савдоси билан кураш соҳасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимдан чиқиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг парламентдаги вакили Тарас Мельничук хабар берди. Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси, шунингдек, Украинанинг автотранспорт воситалари ўғирлиги билан курашиш ва ўғирланган таранспорт воситаларини қайтариш бўйича МДҲ мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ҳам тарк этишни назарда тутади.
Аброр ХОН, ЎзА