English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қўбиз садоси: асрлар қаъридан келаётган наво

Тасаввур қилинг, бепоён дашт сукунатини тўсатдан шамолнинг ҳуштаги, бўрининг маъюс увиллаши ёки осмонда саф тортиб учаётган турналарнинг видолашув нидоси бузади. Аммо бу табиатнинг табиий товушлари эмас.

Бу – оддий тут ёғочи, туя териси ва отнинг қилидан яралган мўъжиза – қўбизнинг қадимий садосидир. Коинот ва табиат билан тиллаша оладиган ушбу чолғу ҳақида сўз кетганда, кўпчилик учун кутилмаган бир тарихий ҳақиқат юзага чиқади: бугун дунёнинг энг ҳашаматли саҳналарида янграётган “оқсуяк” скрипка ва унинг оиласига мансуб виолончелларнинг “илдизи” айнан шу оддий чолғуга бориб тақалади. Европа мусиқа маданиятининг гултожига айланган Фидель ва Ребек созлари пайдо бўлишидан минг йиллар аввал, Турон заминида қўбиз аллақач инсон руҳиятини даволаётган эди.

ХХ аср мусиқашунослари томонидан амалга оширилган тадқиқотлар қўбизнинг ер юзидаги энг қадимий камонли чолғу эканлигини тасдиқлади. Унинг тузилишининг ўзиёқ табиат билан уйғунликдан дарак беради: усталар чанқоқ ва иссиққа чидамли тут дарахти кундасини ўйиб, унинг косасига чўл кемаси – туянинг жағ терисини қоплайдилар. Товуш чиқариш учун эса эгик камончага тортилган от қиллари қўлланилади. Бу шунчаки материал танлови эмас, балки кўчманчи туркий қабилалар ҳаёт тарзининг мусиқий ифодасидир. Унинг товушида инсон овозига хос нола ва титрашлар мавжудлиги боис, тингловчи уни шунчаки эшитмайди, балки бутун вужуди билан ҳис қилади.

Ўтган асрнинг бошларида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудининг деярли барча вилоятларида кенг тарқалган ушбу чолғу, вақт ўтиши билан цивилизация ва замонавий мусиқа оқимлари таъсирида чекиниб борди. Бугунги кунда у асосан Қорақалпоғистон ҳудудидагина жонли ижро анъанасини сақлаб қолган. Бу ерда қўбиз қаҳрамонлик достонларини куйловчи жировларнинг ажралмас ҳамроҳи вазифасини бажармоқда. Жировлар – халқнинг тирик хотираси бўлиб, улар қўбизнинг бўғиқ ва сирли ноласи жўрлигида “Алпомиш”, “Қирқ қиз” каби достонларни куйлаганда, тингловчи кўз ўнгида ўтмиш жонланади. Бироқ сўнгги йилларда ушбу ноёб санъат устида қора булутлар пайдо бўла бошлади. Ёш авлод орасида эстрада ва электрон мусиқага қизиқишнинг ортиши, аксинча, мураккаб ижро техникасига эга бўлган қўбизга ихлосмандларнинг камайиши, шунингдек, чолғуни анъанавий усулда ясовчи моҳир усталарнинг бармоқ билан санарли даражада қолиши хавотирли белгиларни берди.

Миллий ўзликнинг бир қисми бўлган бу санъат тури тарих қаърига сингиб кетиш хавфи остида қолган бир пайтда, вазиятга глобал миқёсда эътибор қаратиш зарурати туғилди. Ўзбекистон томонидан олиб борилган мақсадли саъй-ҳаракатлар натижасида масала дунё ҳамжамияти кун тартибига олиб чиқилди. Ва ниҳоят, 2025 йил 9 декабрда Ҳиндистон пойтахти Нью-Дели шаҳридан қувончли хабар келди: ЮНЕСКО Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ҳукуматлараро қўмитасининг 20-сессиясида “Қорақалпоқ қўбизини ясаш ва унинг ижрочилик санъати” расман инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. Эътиборли жиҳати, у шунчаки рўйхатга эмас, балки вазиятнинг қалтислигини инобатга олган ҳолда, “Зудлик билан муҳофаза остига олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос рўйхати”га олинди.

Ушбу тарихий қарор эндиликда қўбиз санъати фақат бир халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг муҳофазасида эканини англатади. ЮНЕСКОнинг эътирофи – минг йиллик тарихга эга, скрипканинг онаси бўлган дашт навоси бундан кейин ҳам авлодларга етиб боришининг халқаро кафолатидир. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО рўйхатларидаги маданий дурдоналари сонини ўн олтитага етказган ушбу воқеа, ўз ўрнида, бизнинг қадимий илдизларимиз нақадар чуқур ва мустаҳкам эканини яна бир бор исботлади.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА