“Қизлар жамият – кўзгуси”
Пойтахтимизда Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ва Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан “Қизлар жамият – кўзгуси” мавзуидаги тадбир ўтказилди.
“Қиз бола – бу бахтли бўлиш учун туғилган!” шиори остида ташкил этилган тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, санъат ва маданият ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти вакиллари, фан докторлари, журналистлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда иштирокчилар бугунги кунда хотин-қизларга яратилган кенг имкониятлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтишди. Хусусан, юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Президентимизнинг бешта муҳим ташаббусида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида этибор қаратилганлиги, шунингдек, яқиндагина қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинганлиги хотин-қизларга қаратилган эътиборнинг яққол тасдиғи эканлиги борасида сўз юритилди. Сўнгра ташриф буюрган меҳмонлар ва қизлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбир давомида “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг мамлакатимиздаги профессионал ва олий таълим муассасаларида таълим олиши бўйича тўлов- контрактларининг бир қисми қоплаб берилиши ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини-ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш мақсадида субсидия ажратилганлиги учун бир қатор қизларга махсус сертифакатлар топширилди.
– Ҳозир Юртбошимиз томонидан илгари сурилаётган асосий вазифалардан бири бу мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир қизлар сафини кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда гендер тенглигини таъминлаш, шунингдек, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларда қизлар фаоллигини ошириш ҳисобланади, –деди Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилноза Каттаханова.

– Бу борада эса бир қанча эзгу ишлар амалга оширилаётганлигини мана шу тарғибот тадбирларидан ҳам кўришимиз мумкин. Бугун қизларимиз дунё минбарларида ўзларининг назокати, нозиклиги билан иқтидорию истеъдодларини намоён этаётганликлари ҳам сўзимиз исботидир.
Тадбир сўнгида хотин-қизлар учун махсус гала-концерт ташкил этилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА