Қизлар учун имконият
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июнда “Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2020 йил 23 июндаги 402-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинган эди.
ЎзА мухбири Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маърупова билан ушбу ҳужжатнинг аҳамияти хусусида суҳбатлашди.
– Маълумки, ўтган йили мамлакатимизда олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун қўшимча грантлар ажратилди. Натижада кўплаб эҳтиёжманд оилалардаги опа-сингилларимиз давлат гранти асосида олий таълим муассасаларида ўқиш бахтига муяссар бўлди.
– Дарҳақиқат, ўтган йили бу имтиёз биринчи марта амалиётга татбиқ этилди. Ўтган йили олий таълим муассасаларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун қўшимча грантлар сони 940 тани ташкил қилган эди. 2020 йилда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида тузилган ишчи гуруҳларга 32 минг 98 нафар хотин-қиз мурожаат қилди. Улардан 18 минг 628 нафарига танловда иштирок этиш учун тавсиянома берилган эди. Улардан энг юқори балл тўплаган 950 нафари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди.
– Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони 2 баробарга кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилишини таъкидлаган эдилар. Бу кўплаб эҳтиёжманд оилалар қизларининг орзуси эди, бу борадаги фикрингизни билмоқчи эдик. Маҳалла тизими раҳбарларини бу жараёндаги масъулияти масаласига тўхталиб ўтсангиз?
– Албатта, ушбу ташаббус эҳтиёжманд оилалар қизлари учун жуда катта имконият. Бу имтиёз минглаб оилаларга маърифатни киритади. Бу 2000 нафар эҳтиёжманд опа-сингилларимиз учун катта рағбат ва зиммамизга жуда катта масъулият юклайди.
Маҳалла тизими раҳбар ва ходимларининг ушбу жараёндаги масъулияти шундан иборатки, бу биринчидан, қарор мазмун-моҳиятини ота-оналар, хотин-қизларга етказишдан иборат. Шу билан бирга, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида тавсиянома бериш масаласини кўриб чиқиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш.
– Демак, қарорга мувофиқ, бугунги кунда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида ишчи гуруҳлари тузилган, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ишчи гуруҳларга қандай тартибда амалий ёрдам бериляпти?
– Қарорга мувофиқ, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга тавсиянома бериш масаласини кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилди. Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида (туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, унинг биринчи ўринбосари, туман (шаҳар) иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими, молия бўлими, тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими бўлими, мактабгача таълим бўлими бошлиқлари, Ёшлар ишлари агентлиги туман (шаҳар) бўлими раҳбаридан иборат таркибда) ишчи гуруҳлари тузилиши ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига киритилган ўзгартиришлардан бири.
Ушбу жараёнда барча масъулият туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида тузилган ишчи гуруҳларига юклатиляпти. Шунинг учун вазирлик томонидан ҳудудий бўлинмалар, жумладан, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларидаги мазкур жараёнга жалб этиладиган масъуллар учун республика семинари ўтказилди.
Семинарда қарорга киритилган ўзгартиришлар, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга тавсиянома бериш масаласини кўриб чиқишнинг такомиллашган тартиби ва ишчи гуруҳлари фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш билан боғлиқ барча масалалар муҳокама этилди. нг ушбу жараёндаги масъулияти алоҳида таъкидлаб ўтилди. Семинарда тавсиянома бериш масаласини кўриб чиқиш, ариза бериш жараёнидан бошлаб электрон тартиб ҳам тушунтирилди.
Кейинги босқичда семинарлар туман (шаҳар) – маҳалла даражасида давом эттирилди. Чунки маҳалла раислари ва уларнинг (оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича) ўринбосарлари олий таълим олиш истагида бўлган эҳтиёжманд оилалардаги ҳар бир опа-сингилларимизга қарор мазмун-моҳиятини етказиш, айниқса ариза бериш тартибини тушунтиришга масъулдирлар. Шу сабабли маҳаллаларда хотин-қизлар ўртасида очиқ мулоқотлар ўтказиляпти.
– Қарорда тавсиянома олиш учун талабгор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга электрон шаклда мурожаат қилиш имконияти берилган. Бу ҳам нафақат янгилик, балки талабгорлар учун қулайликдир. Лекин интернет тезлиги паст бўлган ёки интернет тармоғи етиб бормаган олис ҳудудлардаги опа-сингилларга яна қандай шаклда кўмаклашилади?
– Аризалар aziz-ayol.uz сайти орқали электрон шаклда қабул қилиняпти. Аризалар жорий йилнинг 8 июнь кунига қадар қабул қилинади. Талабгорлар ишчи гуруҳга энди ҳужжат ҳам топширмайди. Ишчи гуруҳлар томонидан энди талабгорлардан ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмайди.
Талабгор томонидан электрон ариза берилгандан кейин Низомда кўрсатилган мезонлардан бирини тасдиқловчи маълумотлар ва электрон шаклдаги ҳужжатлар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими ҳамда “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинади.
Зарур ҳолларда ишчи гуруҳлар томонидан оиланинг эҳтиёжмандлиги даражаси “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган маълумотлар орқали аниқланади.
Интернет тезлиги паст бўлган ёки интернет тармоғи етиб бормаган, чекка ёки олис ҳудудлардаги опа-сингилларимизга туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими масъул ходимлари, ишчи гуруҳи аъзолари, туман (шаҳар) давлат хизматлари маркази ходимлари, маҳалла раиси ва ходимлари томонидан ёрдам берилади. Исталган манзилдан aziz-ayol.uz сайти орқали ариза топшириш мумкин.
– Ижтимоий тармоқларда ушбу “қарорни ҳам анча вақтлироқ, масалан, йил бошида қабул қилиб, хотин-қизлар орасида яхшилаб тарғиб қилса бўлмасмиди? Нега олдинроқ ҳаракат қилинмади?” мазмунидаги эътирозларни ҳам кузатяпмиз? Бу борадаги фикрингизни ҳам баён қилсангиз.
– Ўринли савол. Ҳужжат қабул қилиш муддати 30 майдан 8 июнгача – 10 кун, 8 июнь куни ҳам аризалар қабул қилинади. Ушбу масалада ишчи гуруҳи февраль ойида иш бошлаган эди. Туман (шаҳар) бўлимларига бу масалада кўплаб опа-сингилларимиз мурожаат қилган. Янги тартиб чиқиши кутилаётган эди. Шунинг учун аризалар aziz-ayol.uz сайти орқали қарор чиққан кундан бошлаб қабул қилиняпти. Бу йил муддат қисқалиги тўғри, лекин қулай замонавий механизм, қулай тартиб яратилганини ҳеч ким инкор эта олмайди.
Жорий йил бошида ушбу қарорни такомиллаштиришга жиддий сабаб, зарурат йўқ эди. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 мартдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига мос ҳолда ўз вақтида ишлаб чиқилди.
Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш, тегишли вазирликлар билан келишиш, таклифлар асосида қайта ишлаш, ҳуқуқий экспертиза хулосасини олиш ҳам ўзига хос жараён бўлиб, белгиланган тартиб ва муддатда амалга оширилишини ҳаммамиз яхши биламиз.
Эндиликда ишчи гуруҳ йиғилишининг баённомаси ишчи гуруҳи раҳбари ва аъзоларининг электрон рақамли имзолари билан имзоланиши ва шу асосда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларининг буйруғи ҳам электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилиши жуда қулай ва кўп вақт талаб қилмайди.
– Талабгорларнинг мобиль телефон рақамига ёки электрон манзилига тавсиянома беришга тавсия этилганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисида хабар юборилиши ҳам қарорга киритилган ўзгартиришлардан бири. Демак, тавсиянома беришни рад этиш учун ишчи гуруҳида етарли асослар бўлади, шундайми?
– Албатта, ишчи гуруҳи барча талабгорлар ҳужжатларининг Низомда назарда тутилган мезонларга мувофиқлигини кўриб чиқади. Ҳужжатлар мезонларга мос бўлмаслиги талабгорларга тавсиянома беришни рад этиш учун асос бўлади.
Шу ўринда тавсияномага эга бўлган талабгорлар зиммасидаги масъулиятни ҳам эслатиб ўтишни жоиз, деб биламан. Чунки тавсиянома тўғридан-тўғри давлат гранти асосида ўқишга кириш имкониятини бермайди.
Тавсияномага эга бўлган абитуриентларни қўшимча қабул кўрсаткичлари доирасида ўқишга қабул қилиш кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) натижаларига мувофиқ қабул қилинади.
Тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун кириш имтиҳонлари олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади. Кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида талабаликка тавсия этилади.
Тавсияномага эга бўлган талабгорлар зиммасида ҳам катта масъулият бор. Талабгорлар кириш имтиҳонларига пухта тайёргарлик кўриши зарур. Мақсадимиз – энг муносиб номзодлар, яъни айнан эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларни саралаб олиш ва танловда иштирок этиш учун тавсия этиш. Тавсияномаларни талабгор хотин-қизларга жорий йилнинг 15 июнига қадар етказилишини таъминлаймиз.
Ушбу масъулиятли жараёнда ҳамкорликда биз билан ҳамфикр бўлаётган, хотин-қизларга қарор моҳиятини тушунтиришда амалий ва манзилли ёрдам бераётган барчага миннатдорчилик билдирамиз.
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.