Қизлар учун бепул IT-курслар очилди
Тошкент шаҳридаги Амити университетида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникуацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида хотин-қизлар учун Web fullstack бўйича бепул ўқув курси ташкил этилди.
Ундан кўзланган асосий мақсад - Ўзбекистон хотин-қизларининг АКТ соҳасидаги салоҳиятини ошириш, уларга зарур билим ва кўникмаларни бериш. Ўқув курси мобиль ва веб-дастурлаш асосларини ўқитишга мўлжалланган. Машғулотлар Тошкент шаҳридаги Амити университетида ҳар куни соат 18:00 дан 20:00 гача оффлайн-режимда бўлиб ўтади.
Ўқиш давомида тингловчиларга қўшимча ўқув материаллари тақдим этилади. Бундан ташқари, улар учун махсус тренгинглар ва маҳорат дарслари ҳам ўтказилади. Курсларга 15 ёшдан 28 ёшгача бўлган ва IELTS 7+ сертификатига эга бўлган ҳамда шахсий ноутбуки бўлган хотин-қизлар ёзилиши мумкин.
Лойиҳада қатнашиш учун жорий йилнинг 21 мартигача рўйхатдан ўтиш мумкин.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА