Қизлар футбол майдонида беллашди
Шу кунларда Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида қизлар ўртасида “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” учун мини футбол мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ёшлар ўртасида оммавий спорт турларини ривожлантириш, спорт тадбирларини ташкил этиш орқали спорт билан шуғулланувчи ёшлар қамровини кенгайтириш бўйича қатор вазифалар белгиланган.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган вазир кубоги мусобақаларида умумтаълим мактабларининг 7-11 синф қизларидан тузилган жамоалар иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.
Мазкур мусобақанинг Пахтаобод туман босқичи ҳам юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.

Дастлаб ҳудудий саралаш босқичлари ўтказилди, ана шу мусобақаларда тумандаги 51 та умумтаълим мактабининг қизлар жамоаси иштирок этди. Ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган жамоалар мусобақанинг туман босқичида қатнашди.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, 34- умумтаълим мактаби қизлар жамоаси 1- ўринни қўлга киритиб, мусобақанинг кейинги босқичига йўлланма олди.
Туман босқичида иккинчи ўрин 15-, учинчи ўрин эса 12- умумтаълим мактаблари жамоаларига насиб этди.

Туман босқичи ғолиблари, турли номинациялар бўйича энг яхши деб топилган футболчи қизлар туман Мактабгача ва мактаб таълими, спорт ишлари бўлимлари томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА