Қизлар форуми: раҳбар аёллар сафи кенгаймоқда
Бухорода “Қадриятимиз – бебаҳо бойлигимиз” шиори остида “Қизлар форуми” бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, ҳозирда хотин-қизлар жамиятнинг фаол қатламига айланиб, илмий-тадқиқот, тиббиёт ва таълим муассасалари, саноат корхоналари, кичик бизнес субъектларида раҳбар аёллар сафи кенгайиб бормоқда. Бугун вилоятдаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида 26 нафар, жамоат ташкилотларида эса 20 нафарга яқин аёл раҳбарлик лавозимида ишламоқда.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда минг нафарга яқин, халқ таълими тизимида 22 минг, соғлиқни сақлаш тизимида 2,5 минг, тадбиркорлик ва фермерлик соҳасида 10 минг нафардан ортиқ раҳбар аёл фаолият юритаётгани уларнинг жамият ривожида нечоғли катта куч эканлиги ва юксак аҳамият касб этаётганлигидан далолат. Айни пайтда вилоятдаги спорт мураббийларининг 408 нафари хотин-қизлар. Уларнинг 112 нафар шогирдлари халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва фаоллигини ошириш, гендер тенглик кафолатларини таъминлаш, илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, халқ хўжалигининг турли жабҳаларида меҳнат қилаётган хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ва ночор яшаётган аёллар ва улар оилаларини муҳофаза қилиш, уларни даромад топиб, рисоладагидек умргузаронлик қилишларига эришиш юқори идоралар зиммасидаги долзарб вазифа эканлиги уқтирилди.
Қизлар форуми давомида ҳар жабҳада ўз иқтидорини намоён этиб, юртимиз равнақига баҳоли қудрат ҳисасини қўшаётган хотин-қизларимиздан бир гуруҳи қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Эътирофга сазовор бўлган пешқадам қизлар орасида Ўзбекистон Журналистика ва коммуникациялар университети талабаси, “Халқаро пресс клуб” нинг “Масофада” лойиҳаси мухбири, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти соҳибаси Нафосат Давлатова ҳам бор.
– Инсон ўз мақсади йўлида сабр-матонат билан меҳнат қилиб, бор куч-ғайратини аямаса, албатта, чеккан заҳмати ерда қолмас экан, мен ҳам давлатимизнинг буюк шоирамиз номи билан аталувчи юксак мукофотга оз эмас, саккизинчи йили уринишимдан сўнг муваффақ бўлганимдан бахтиёрман, – дейди Нафосат Давлатова. – Ҳозирда журналистика соҳасида етук мутахассис бўлишга қатъий аҳд қилиб, хориж тилини ўрганиш ва устозлар тажрибасини ўзлаштириш билан бандман. Бундай тадбирлар мен сингари ёшлар учун айни муддао ва катта имконият демак.
Форум доирасида вилоятдаги “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” доирасида тижорат банкларидан кредит маблағини олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизлар тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, “Мурувват” ногиронлар учун аёллар интернат уйи хотин-қизлари томонидан тайёрланган қўл ишлари намуналари ҳамда ҳунарманд аёллар, тасвирий санъат йўналишида ижод қилаётган қизлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбирда спортчи қизлар ва мураббийлар, миллий маданий марказлар вакиллари билан учрашув ўтказилилди. Форум иштирокчилари, ҳунарманд хотин-қизларнинг дуч келаётган ташвиш ва муаммолар атрофлича ўрганилди. Уларни ҳал қилиш чоралари белгиланди. Туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари билан суҳбат ташкил этилди.
Ҳудудларда аёлларнинг муаммоларини бирма-бир ўрганиб, уларни ҳал қилиш лозимлиги, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий моддий ёрдам кўрсатиш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш кераклиги уқтирилди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар Давлат Қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ҳам қатнашди.
[gallery-6896]
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА