Қизилтепада янги мактаб биноси очилди
Янги ўқув йилини Қизилтепа ихтисослаштирилган мактаби ўқувчилари янги қурилган замонавий бинода бошлашди.
Тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, барчани қўшалоқ байрам билан табриклади ва тизимда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, ўқитувчилар мақомини янада ошириш, улар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар, устозлар ва уларнинг шогирдлари томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида тўхталди
Ихтисослаштирилган мактабда 10,5 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 306 нафар ўқувчига 41 нафар педагог дарс беради. Жорий йилдаги мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи бўйича туманда 1-ўринни эгаллади.
[gallery-13449]
– Ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлари ўртасида республика Ишчи гуруҳи томонидан олинадиган чораклик баҳолаш синов натижаларига кўра мактабимиз ўқувчилари биринчи ўринни эгаллаган эди, – дейди мактаб директори Меҳринисо Холова. – Ихтисослаштирилган мактаблар ўртасида бўлиб ўтган STEAM фан олимпиадасида мактабимизнинг 5 нафар ўқувчиси фахрли ўринларни қўлга киритган бўлса, СЕАМО - 2022 Жануби-Шарқий Осиё математика олимпиадасида фаол иштирок этган ўқувчимиз Намозова Нозима фахрли 1-ўринни, Россия Федерациясида ўтказилган халқаро олимпиадада Каримов Муҳаммадали фахрли 3-ўринни қўлга киритди.
Бугунги кунда туманда 43 та таълим муассасаси бўлиб, уларда 23 минг 800 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Уларнинг 2645 нафари мактабга илк бор қадам қўяётган жажжи ўғил-қизлар бўлса, 1529 нафари 11-синф ўқувчиларидир.
– 2022-2023 ўқув йилида 270 нафар чет тили фани ўқитувчиларидан 245 нафар, она тили ва адабиёт, информатика ва ахборот технологиялар, математика, кимё, тарих, рус тили фанларидан 227 нафар педагогларимиз халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлди, – дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Уйғун Камолов. – 2022-2023 ўқув йилида мактабни битирган 1437 нафар ўқувчининг 780 нафари ёки 54 фоизи турли олий таълим муассасалари талабаси бўлди. Бу ҳам кейинги йилларда туманимизда таълим тизимига берилаётган эътибор натижаси, десак муболаға бўлмайди.
Барча таълим муассасаларида илк дарслар “Мустақиллик дарси” билан бошланди.
А.Бўриев, ЎзА