Қизилтепада янги корхона иш бошлади
Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги “Маликобод” маҳалласида хорижий ҳамкор – тадбиркор С.Ерицян томонидан қурилиш ва саноат қўлқопларини ишлаб чиқарувчи “СВС Навоий” МЧЖ хорижий корхонасининг 1-босқичи ишга туширилди.
Корхонанинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар юртимизда тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, хорижий инвесторларга кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги натижасида замонавий, инновацион ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи янгидан-янги лойиҳалар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлашди.
[gallery-13519]
– Бу ерда асосан қурилиш учун поливинилхлорид ва латекс қопламали пахта қўлқоплари ишлаб чиқарилади, – дейди корхона раҳбари Қудрат Жумабоев. – Лойиҳамизнинг умумий қиймати 10 миллион доллар бўлиб, ускуналаримиз Хитой давлатидан олиб келинган. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 50 минг донани ташкил этади. Маҳсулотларимиз асосан Россия давлатига экспорт қилинади. Йилига 4 миллион 313,8 минг доллар миқдорида маҳсулот экспорт қилишни режалаштирганмиз.
Айни пайтда заводнинг 1-босқичи ишга тушиши муносабати билан 70 нафар маҳаллий ёш ишга жойлашган бўлса, завод тўлиқ қувватларда иш бошлагандан кейин 700 нафар кишининг бандлиги таъминланади.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари