“Қизил” тоифадаги ёшларга кўмак берилди
Жорий йилнинг 11 апрель куни Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар бандлигини таъминлаш, сифатли таълим билан қамраб олиш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда соғлом фикрлашларига замин яратиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Ёшлар билан индивидуал ишлашни жадаллаштириш, жамиятдан ажраб қолган, ҳаётда ўз ўрнини тополмаётган, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган ёшларни фаол ҳаётга қайтариш олдимиздаги энг муҳим вазифа бўлиб турибди.
Хусусан, Ўртачирчиқ туманида 534 нафар ўғил-қиз турли сабабларга кўра, “қизил” тоифадаги ёшлар рўйхатига олинган. Уларнинг 146 нафари Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосарларига бириктирилган. Масъул шахслар ўзига бириктирилган ҳар бир ёшнинг уйига бориб, муаммо ва таклифларини ўрганди. Натижада 23 нафар ёшга турли иш қуроллари ва асбоб-ускуналар ажратиб берилди.

– Судланганимдан кейин ҳеч қаерда ишлай олмадим, – деди Ўртачирчиқ тумани Бойқўрғон маҳалласида яшовчи Арман Хамураев. – Даромадим йўқлигидан муддати ўтган паспортимни ҳам янгисига алмаштиролмаётгандим. Мотокултиватор ва мотоаррам бўлганда меҳнат қилиб, тер тўкиб, ҳалол даромад топаман, ўз эҳтиёжларимни ўзим қондираман, деб ният қилиб юрардим. Мана, мен бир кунда уларнинг ҳаммасига эга бўлдим. Ҳатто паспортимни янгилаш харажатлари ҳам қоплаб берилди. Бунинг учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман. – Пластик эшик ва ром ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орзуйим эди, – деди Чангтепа маҳалласи фуқароси Ҳалилулла Тўлаганов. – Бироқ айрим ускуналарни олишга пулим етмади. Вазирнинг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев уйимизга келганида металл учун арра, компрессор, фрезор кераклигини айтгандим… Бу ускуналарни совғага олишим мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмагандим.

– Уй қамоғига ҳукм қилинганман, – деди Кўчлик маҳалласида яшовчи Шерзод Эргашев. – Шу сабаб кеч соат 22:00 дан кейин кўчага чиқолмайман. Сартарошхонада мижозлар кўпинча кечки пайтлари гавжум бўлади. Шунинг учун уйим ёнидан ижара тўловларисиз бино ажратиб беришларини сўраган эдим. Менга нафақат уйим олдидан бино, балки сартарошлик асбоб-ускуналарини ҳам ҳадя қилишди…
Шунингдек, республикамиз бўйлаб белгиланган йўналишлардан келиб чиқиб, фаолият юритаётган маҳаллам ҳудудидаги бандлиги таъминланмаган давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож ёшлар билан алоҳида ишлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш кенг йўлга қўйилган.
Ёшлар масаласида олдимизга қўйилган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажариш орқали ислоҳотлар самарадорлиги натижасини ҳар бир ёшнинг ҳаётида кўрсатишимиз мумкин бўлади. Бу билан ёшларнинг давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрликларни ҳис қилишига ва фаол ҳаётга кириб боришига эришамиз.
Гулноза Бобоева, ЎзА