Қитъалараро парвоз кўлами кенгаяди
Қирқ йил олдин таржимон сифатида Ўзбекистонга келганман. Ҳамон шу заминда фаолиятимни давом эттириб келяпман. Хизмат юзасидан тез-тез сафарга чиқамиз, ҳаво кемаларида парвоз қиламиз.
Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессиясидаги чиқишини диққат билан кузатдим. Қатор хорижий ташкилотлар раҳбарлари билан музокара ўтказилиб, ўзаро манфаатли битимлар имзоланганига гувоҳ бўлдик.
Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари ва хусусий компаниялар АҚШдаги ҳамкорлар билан 10 га яқин келишув имзолади. Айниқса, учрашувлардан бири эътиборимни тортди. “Boeing Global” ширкати президенти Брендан Нельсон билан мулоқот якунида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва “Boeing” 14 та “Boeing 787-9 Dreamliner” самолёти харид қилиш ва яна 8 та шундай самолётни опцион сифатида олишга келишди. Дональд Трамп шартнома қиймати 8 миллиард доллардан ортишини билдириб, Шавкат Мирзиёевни қутлади.
Бу Миллий авиакомпания тарихидаги энг йирик келишув, деб фахр билан айта оламан.
“Uzbekistan Airways” хабар қилишича, самолёт етказиб бериш 2031 йилдан бошланади, келишув компания учун Шимолий Америка, Европа, Яқин Шарқ ва Осиё-Тинч океани минтақасига узоқ масофали парвозларни йўлга қўйиш имконини беради. Яъни, энди қитъалараро рейслар кўпаяди. Бу оламшумул янгилик ҳар бир ўзбекистонлик қалбида ифтихор туйғусини уйғотиши шубҳасиз. Зеро, Ўзбекистон аэропортлари дунё миқёсидаги саноқли транзит қўналғалари қаторидан ўрин олади.
Тўғри, аввал ҳам қитъалараро парвоз бўлган. Фақат мижози кўп “Boeing” самолётлари янада кўп йўловчини жалб қилади.
Таъкидланишича, “Boeing” самолётлари замонавий аэродинамика, композит корпус ва янги авлод двигателлари уйғунлиги ҳисобидан ёнилғини тежайди, карбонат ангидрид чиқиндисини камайтиради.
– Биз “Uzbekistan Airways” билан қарийб 30 йиллик ҳамкорлигимизни қадрлаймиз ва минтақанинг дунё билан алоқаларини мустаҳкамловчи ўсиш стратегиясини қўллаб-қувватлашда давом этамиз, – деди “Boeing” компанияси тижорат сотуви ва маркетинг бўйича катта вице-президенти Брэд МакМаллен.
Ушбу воқеани Президент Дональд Трамп ҳам олқишлаб, ўз ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ҳамкасби Мирзиёевни битим билан табриклагани ҳам эътиборга молик ҳолат.
Аҳмад Жасим Аз-Зубайдий,
ЎзДЖТУ Араб тили таржима назарияси
ва амалиёти кафедраси профессори