“Қитъалар жанги”: Осиё – Африка – 5:0
Россиянинг Москва шаҳрида Халқаро бокс ассоциацияси ҳамда профессионал боксга алоқадор бир қатор спорт жамоалари ҳамкорлигида бокс бўйича “Қитъалар жанги” мусобақаси старт олди.
Мусобақада рингга Америка, Африка, Осиё қитъаси ҳамда Россия терма жамоалари негизида шакллантирилган боксчилар ўз вазн тоифалари бўйича иштирок этиши кўзда тутилган.
Мазкур турнирда қатнашаётган ҳар бир жамоа таркибига 5 нафардан боксчи жалб этилган бўлиб, ҳар бир бокс баҳси 3 дақиқадан 4 раунд этиб белгиланган. “Қитъалар жанги” ярим профессионал тарзидаги баҳслар жорий йил июнь ойининг ҳар шанбасида ўтказилади.
Осиё қитъаси терма жамоасига ўзбекистонлик тажрибали бокс мутахассиси Равшан Хожаев бош мураббий этиб сайланган, унга тожикистонлик Мирзо Шамсиев ҳамда яна бир Ўзбекистон вакили Руслан Телембаев ёрдам беради.
Ана шу тажрибали мураббийлар қўл остида қитъамиз шарафини 3 нафар ўзбекистонлик – Жиззах вилоятидан Бобо Усмон Батуров, Бухородан Одилжон Аслонов ва Тошкент вилояти вакили Мадиёр Саидраҳимов ҳамда Қозоғистондан Сапарбай Аидаров, Тожикистон Республикасидан Баҳодир Усмонов Осиё жамоаси номидан рингга кўтарилади.
Қитъа термаси сафида Ўзбекистон вакили Бобо Усмон Батуров Африка қитъаси вакили Намибия давлати боксчиси Бенхард Бернардга қарши рингга кўтарилиб, 4 раунд давом этган жанг натижаларига кўра, Бобо Усмон Батуровнинг қўли устун келди.
Шунингдек, Одилжон Аслонов, Мадиёр Саидраҳимов ва тожикистонлик Баҳодир Усмонов, қозоғистонлик Сапарбай Аидаров ҳам Россия рингларида Осиё қитъаси жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Африка вакилларини катта устунлик билан мағлубиятга учратди, Осиё – Африка – 5:0.
Россия терма жамоаси боксчилари эса худди шу ҳисобда (5:0) Америка қитъаси боксчиларини доғда қолдирди.
Кейинги жанглар жорий йилнинг келгуси шанбаси – 11 июнь кунига белгиланган. Москва рингларида ўтаётган “Қитъалар жанги” баҳслари давом этмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА