Қишлоқ хўжалигига оид ислоҳотлар амалда
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига оид модернизация жараёнлари давлатимиз томонидан илгари сурилаётган стратегик режаларда иқтисодиётнинг муҳим воситаларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Ушбу стратегик режалар аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминловчи янги босқичдир. Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда янги технологияларнинг ҳам ўз ўрни бор. Мамлакатда қишлоқ хўжалигини замонавий технологиялар билан таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар шиддат билан илгариламоқда. Умуман, давлат томонидан сўнгги йилларда аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва уни бозор талабларига мослаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2021 йилда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга оид бир қанча норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Юқоридаги фармон билан «2021-2025 йилларда қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини устувор ривожлантириш концепцияси» тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда шаклланган деҳқончилик кўникмалари, тупроқ-иқлим шароити, сув таъминотидан келиб чиқиб, республиканинг барча туманлари ҳудудлари муайян турдаги маҳсулотлар етиштиришга босқичма-босқич ихтисослаштирилиши белгиланди.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда асосий эътибор унинг ҳосилдорлиги, экспортбоплиги, яхлит майдонларда етиштирилишига ҳамда кооперация ва кластер тизими асосида маҳсулот етиштириш, уни қайта ишлаш, сақлаш ва ички ва ташқи бозорларга сотиш тизими йўлга қўйилишини ўз ичига олади. Жумладан, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ошириш учун ҳар бир вилоятда камида битта туман ҳудудини органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш белгиланди.
Шу билан бирга, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга сертификатланган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатларини харид қилиш учун ажратиладиган тижорат банкларининг кредитлари бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан маълум талаблар асосида қоплаб бериладиган бўлди.
Яна бир муҳим жиҳат, «ArcGIS» дастури ёрдамида қишлоқ хўжалиги ерларининг асосий ва такрорий экин турлари, ҳосилдорлик даражасидан келиб чиқиб, интерфаол харитада кузатиш имкониятига эга ягона ахборот базасини шакллантириш ҳамда унинг миллий гео-ахборот тизими билан интеграция қилиниши таъминланадиган бўлди. Бу эса, қишлоқ хўжалиги ерларидан унумли фойдаланишга ҳамда ҳосилдорлиги паст ерларнинг унумдорлигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЖАДАЛ СУРЪАТЛАРДА ИЛГАРИЛАМОҚДА
2021 йилда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулот (хизмат)лари ҳажми 317 781,6 млрд. сўмни ёки 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 104,0 фоизни, шу жумладан деҳқончилик ва чорвачиликда, овчиликда ва ушбу соҳаларда кўрсатилган хизматлар – 307 515,0 млрд. сўмни (103,9%), ўрмон хўжалигида – 7 581,5 млрд. сўмни (101,5%), балиқчилик хўжалигида – 2 685,1 млрд. сўмни (121,4%) ташкил қилди. Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулот(хизмат)лари ҳажмининг ошиши, асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажмининг кўпайганлиги (3,6%) билан боғлиқ. Барча тоифадаги хўжаликларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ошиши гўштнинг – 4,8 фоиз, сутнинг – 2,8 фоиз, тухумнинг – 3,5 фоиз, картошканинг – 4,7 фоиз, сабзавотларнинг – 4,1 фоиз, полизнинг – 6,9 фоиз, узумнинг – 5,5 фоизга ошиши билан изоҳланади. Хўжалик тоифалари бўйича таҳлиллар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажмининг 65,9 фоизи – деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари, 29,2 фоизи – фермер хўжаликлари, 4,9 фоизи – қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи хўжаликлар ҳиссасига тўғри келишини кўрсатмоқда. Мазкур соҳалардаги ўсиш суръатларининг жадаллашуви, аввало мамлакатда соҳага оид ислоҳотларнинг тизимли олиб борилаётганлиги ҳамда ушу соҳаларга берилаётган имтиёзлар ва қулайликларнинг натижасидир.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда деҳқон хўжаликларининг улуши 66,0 фоиз (ўсиш 102,1%), фермер хўжаликлари 29,3 фоиз (105,%) ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар 4,7 фоиз (118%) улушга эга.
Шунингдек, ялпи қишлоқ хўжалиги таркибида деҳқончилик маҳсулотларининг улуши 47,5 фоизни, чорвачилик маҳсулотлари 47,7 фоизни ҳамда овчилик хизмати, ўрмон ва балиқ хўжалиги 4,8 фоизни ташкил этган.
Давлат томонидан аграр соҳани қўллаб-қувватлаш, иқтисодий манфаатдорлигини ошириш бўйича амалга оширилган тизимли тадбирлар натижасида 2021 йилда 1 гектар майдондан ўртача 47,2 млн. сўм (ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўп) даромад олинишига эришилди.
2021 йилда 22 млн. тоннадан ортиқ мева-сабзавот ишлаб чиқарилди ва ўсиш 106,1 фоизни ташкил этди. Жумладан, 11,6 млн. тн (111,4%) сабзавотлар, 3,3 млн. тн (115,8%) картошка, 2,3 млн. тн (108,6%) полиз, 3 млн. тн (106,3%) мева, 1,8 млн. тн (111,5%) узум, шунингдек, 7,9 млн. тн (104,8%) дон ва дуккакли дон экинлари, қарийб 3,4 млн. тн (110%) пахта хомашёси етиштирилди.
2021 йилда 514,8 минг гектар майдонда, жумладан 197,4 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 10,9 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш, 5,9 минг гектар пахта ва бошқа экин майдонларида дискрет суғориш тизими жорий қилинди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинлари экилган майдонларнинг 78,8 минг гектарида кўчма эгилувчан қувурлар ва 20,9 минг гектарида эгатга плёнка тўшаб суғориш тизимлари орқали суғориш ишлари олиб борилди.
2021 йилда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган 93,7 минг гектар пахта майдони учун 751,4 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратиб берилди ҳамда туман ишчи гуруҳлари томонидан сувни тежайдиган технологиялар ишга туширилди. Суғориш мавсуми давомида жами 10,4 млрд. куб метр ёки белгиланган режага нисбатан 2 баробар кўп сув иқтисод қилинишига эришилди. Соҳада олиб борилаётган илмий-технологик изланишлар натижасида фойдаланилмаётган ерларнинг қайта фойдаланишга киритилиши ва янги технологияларнинг жорий этилиши соҳа ривожи учун хизмат қилмоқда.
МАМЛАКАТДА КЛАСТEРЛАР УЧУН ИМКОНИЯТЛАР ЯРАТИЛМОҚДА
Келгуси беш йилда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни камида 2 баробарга кўпайтириш, хом ашёни қайта ишлаш, соҳа экспортини 7 млрд. долларга етказиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини янада ошириш мақсад қилинган.
Табиийки, бунда кластерларнинг ўзига хос ўрни бор, десак асло муболаға бўлмайди. Ушбу тизим қисқа вақт ичида катта эврилишларга замин яратди. Масалан, биргина пахтачиликда толани қайта ишлаш 2,5 баробарга ошиб, 100 фоизга етказилди. Шунингдек, ип-калава ишлаб чиқариш 2 баробарга, тайёр маҳсулот – 3 баробарга ортди, экспорт 3 млрд. долларга етди. Пахта хом ашёсидан тайёр маҳсулотгача бўлган босқичларни қамраб олган 2 млрд. долларлик 125 та янги корхона ҳамда 150 мингта доимий иш ўрни ташкил қилинди. Кластерлар томонидан 5 мингдан ортиқ замонавий русумдаги техникалар олиб келинди, 126 минг гектар майдонда сув тежаш технологиялари жорий қилинди. Энди бундан буён, кластерларга кредитлар 24 ой муддатга ажратилиб, унинг имтиёзли даври амалдаги 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади. Кластер олган кредитини, хом ашёни энг камида ип-калава ва матога айлантиргандан кейин қайтарадиган бўлди. Бу тизимни жорий этишга бюджетдан 10 трлн. сўм йўналтириш белгиланди. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги жамғармасига қўшимча 100 млн. доллар ажратилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, кластерлар томонидан ип-калавани қайта ишлаш даражасини келгуси икки йилда ҳозирги 50 фоиздан 70 фоизга етказиш мўлжалланган. Жумладан, матони бўяш ва аралаш мато ишлаб чиқарадиган ускуналар хариди учун корхона қувватига қараб, давлат ҳисобидан молиявий грантлар берилади. Бундай лойиҳаларни кредитлаш учун яна 150 млн. доллар маблағ ажратилади. 2022 йилдан ип-калавани қайта ишлайдиган кластерларга кредит олишда пахта хомашёси ва толасини гаровга қўйиш амалиёти жорий этилиши мақсад қилинган.
ДEҲҚОН ВА ФEРМEРЛАРНИНГ ДАРОМАДЛАРИ 2 БАРОБАРГА ОШИРИЛАДИ
Маълумки, ғалла етиштириш ва сотишда бозор муносабатларига ўтилмоқда. 2022 йилдан ғаллачилик кластерлари ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилиши мақсад қилинган. Бунда, кластер ва фермер хўжаликлари 3 йил давомида ҳар гектардан 2,5 тонна ғаллани биржа савдоларига чиқариши талаб этилади. Қолган ҳосилни эса, тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, 2022 йилдан мева-сабзавот ҳосилини иқлим хавфидан суғурталаш бўйича суғурта компаниялари ўртасида танлов ўтказилади. Экспорт шартномаси бўлган кластер ва фермерларга суғурта мукофотининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.
Таъкидлаш жоизки, 200 минг гектар паст ҳосилли пахта ва ғалла майдонини қисқартириш ҳам режалаштирилган. Бу майдонлар аҳолига танлов асосида, узоқ муддатли ижарага берилади.
Келгуси йилларда қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш натижасида давлат аралашувига тўлиқ барҳам берилади. Хусусан, деҳқон ва фермерлар даромадлари камида 2 баробар оширилади, қишлоқ хўжалигида ўсиш суръатлари 5 фоизга етказилади ҳамда деҳқонларни қўллаб-қувватлаш учун субсидиялар ажратилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ва суғурталашнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилади. 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига очиқ танлов асосида узоқ муддатли ижарага бериш тизими яратилади.
Шунингдек, Янги ва фойдаланишдан чиққан 464 минг гектар майдонни ўзлаштириш ва кластерларга очиқ танлов асосида ажратиш амалиёти йўлга қўйилади ҳамда Экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва мева-сабзавотчиликни ривожлантириш асносида, интенсив боғлар майдонини 3 баравар ва иссиқхоналарни 2 баравар кўпайтириб, экспорт салоҳияти яна 1 млрд. долл.га оширилади.
Бундан ташқари, 2022 йилда Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этилади ҳамда илм-фан ва инновацияга асосланган агрохизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштирилади. Шунингдек, агросаноат корхоналарини хом ашё билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 баравар оширилади ҳамда аҳоли томонидан томорқалардан самарали фойдаланилиши учун шароитлар яратилади.
Шу билан биргаликда, чорва учун озуқабоп экинлар майдони 2 баробардан зиёд оширилади. Бунда 11 млн. гектар яйловлар қайта тикланиши ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини 1,5–2 баробар кўпайтирилиши режалаштирилган.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Қишлоқ хўжалигининг ривожланиши бевосита аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим омиллардан ҳисобланади. Мазкур соҳа мамлакат иқтисодиётининг етакчи «драйвери» эканлиги боис, соҳада кўплаб модернизация ишларини жадаллаштириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бир саналади. Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга оид стратегиялар ишлаб чиқилди ва амалга татбиқ этиб борилмоқда. Бу эса, халқ фаровонлигини таъминлаш йўлидаги муҳим жараёндир. Зеро, мазкур соҳа ривожида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар мамлакатда деҳқон ва фермерлар даромадининг ошишига, янги иш ўринларининг яратилиши ҳамда унумдорликнинг ўсишига хизмат қилади, албатта.
Искандар ЎРОҚБОЕВ,
«Тараққиёт стратегияси» Маркази
бош мутахассиси