Қишлоқ хўжалиги техникаларининг таъмири назоратда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳамда агротехника тадбирлари ҳолатининг назоратини самарали ташкил этиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига юклатилган.
Шунингдек мазкур қарор билан “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
– Мазкур Низом тракторлар, трактор тиркамалари, ўзиюрар ва қишлоқ хўжалиги машиналари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини белгилайди, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бош инспектори Акбар Қозиев. – Бугунги кунда барча туманларда 2 минг донадан ортиқ чопиқ трактори, 1 минг беш юз донадан ортиқ культиватор, минга яқин чигит экиш сеялкаси, икки юзга яқин ғалла ўриш комбайни ва агротехник тадбирларда фойдаланиладиган бошқа замонавий агрегатлар марказлашган ҳолда устахоналарга йиғилиб, таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Барча туманларда таъмирлаш ишлари тўлиқ амалга оширилган қишлоқ хўжалиги техникаларининг сифатли таъмирланганлиги махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиши ва уларнинг қабул қилиниши “Ўзагроинспекция”нинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан тўлиқ назоратга олинган.
Бундан ташқари, мамлакатимизга хорижий давлатлардан олиб келинаётган айрим қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларининг республиканинг тупроқ-иқлим шароитларига мос келмаслиги қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда белгиланган агротехник тадбирларни амалга ошириш вақтида қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шу сабабли, ушбу техникалар ҳамда уларнинг агрегатлари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда самарали қўллаш ва уларнинг ишончлилигини текшириш учун тегишли синовларни ўтказиш ишлари ҳам йўлга қўйилган.
Довуд Абибуллаев, ЎзА