Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Саудия Арабистонининг «Ал-Жамҳара» компанияси мутасаддилари ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар ташкил этилди. Онлайн музокараларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Алишер Шукуров саудиялик ишбилармонларга Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда ўзаро ҳамкорлик йўналишлари борасида маълумот берди.
«Ал-Жамҳара» вакиллари Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилиш истагини тасдиқлади. Улар мамлакатимизда амалга оширишни режалаштираётган «Қинвон» лойиҳасининг тақдимотини ўтказди.
Мазкур лойиҳа Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари томонидан юқори баҳоланиб, уни республикамизда амалга ошириш учун барча имконият ва шароитлар мавжудлиги таъкидланди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, мазкур лойиҳа Саудия Арабистони сармояларини жалб этган ҳолда амалга оширилади.
Музокаралар якунида тақдим этилган лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни янада кенгроқ муҳокама қилиш, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги хусусий сектор вакиллари билан музокаралар ўтказиш мақсадида компания вакилларининг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этиш хусусида келишувга эришилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабарида маълум қилинган.
Муҳтарама Комилова, ЎзА